Маҳаллада ишсиз бўлмайди

10.05.2022, 16:30

Маҳаллада ишсиз бўлмайди

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан Гулистон туман Кенгаши билан ҳамкорликда тумандаги “Соҳил” маҳалласида аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган очиқ мулоқот ташкил қилинди.

Маҳалла ҳудудларида ташкил этилган учрашувда O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши масъул ходими Ҳ.Жабборов, туман Кенгаши аппарат раҳбари Д.Муҳитдинов, туман Кенгаши депутати М.Эсиргапов, Соҳил МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси М.Бўронова ва аҳоли вакиллари иштирок этди.

Ҳозирги кунда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг даромади ва харид қобилиятини ошириш, ишсизлик даражаси юқори бўлган маҳаллалар билан манзилли ишлаш ва уларнинг “ўсиш нуқталари”ни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ҳудудларда ташкил этилган “маҳаллабай” ишлаш тизими ўз самарасини бермоқда.

Эндиликда “маҳаллабай” ишлаш тизимини кейинги бочқичга олиб чиқиш маҳалланинг ўзида туриб, барча масалаларни ҳал қилиш чораларини кўриш фаолияти билан шуғулланиш мақсадида ташкил этилган ҳоким ёрдамчилари ишида дастлабки самаралар кўринаяпти.

Гулистон туманида 25 та маҳалла бўлиб, бугунги кунда уларнинг барчасида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман ҳокими ёрдамчилари фаолият олиб боряпти.

 Соҳил МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси, O‘zLiDeP аъзоси М.Бўронова фаолиятини хатлов жараёнидан бошлади.

Маҳаллада 393 та хонадон мавжуд бўлиб, 685 та оилада 2756 нафар аҳоли истиқомат қилиб келмоқда. Хатлов жараёнларида ушбу МФЙда 109 нафар ишсиз фуқаролар аниқланди. 2022 йил 1-чораги давомида 19 нафар аҳолига, 2 та иссиқхона, 2 та хизмат кўрсатиш ва 15 та чорвачилик учун 541 млн сўм кредитлар ажратилиб, натижада 25 нафар аҳоли, хусусан 10 нафар ёшлар бандлиги таъминланди. Қишлоқ шароитида чорвачилик ва деҳқончилик энг мақбул йўналиш ҳисобланади. Бу борада ҳам томорқа эгаларимиз намуна даражасида ишлашаяпти.

- Ҳоким ёрдамчиси масъулиятли вазифа, - дейди ҳоким ёрдамчиси Муҳаббат Бўронова. – Шу иш бизга ишониб топширилдими, сидқидилдан меҳнат қилишимиз керак. Мана, ишласак бўларкан. Фаолиятимни бошлаганимдан буён якка тартибдаги тадбиркорлар кўпайди. 39 нафар аҳоли ўзини ўзи иш билан таъминлади. Иш бошлагани маҳалладаги ишсизлик, камбағаллик муаммосига ечим топилди, дегани эмас. Ҳали қилинадиган ишлар кўп. Ишли бўлган, чорвачилик ва деҳқончилик, тикувчилик  билан шуғулланишни бошлаган фуқароларимиз ишининг ривожига янада ҳисса қўшиш, йўлларида учраши мумкин бўлган муаммоларга ечим топиш асосий мақсадимиз бўлиши керак. Шундагина тадбиркорлар сафи кенгаяди, маҳаллада ишсизлар бўлмайди.

O`zLiDeP Сирдарё вилоят кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    433
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+