Дарвоза тутаклик аёллар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди

12.05.2022, 17:53

Дарвоза тутаклик аёллар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши “Аёлларнинг сиёсий фаоллигини, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш  бўлими” ташаббуси билан “Соғлом оила - мустаҳкам оила” лойиҳаси доирасида Қарши шаҳридаги Дарвоза тутак маҳалласида истиқомат қилаётган хотин-қизлар учун бепул тиббий кўрик ташкил этилди. МФЙ биносида ташкил этилган тиббий кўрик жараёнида Қарши шаҳар “Nasaf medical center” ҳамда Самарқанд шаҳридаги  “Сamarkand Smiss Lab” хусусий клиникаларининг малакали шифокорлари томонидан 300 дан ортиқ  фуқароларнинг саломатликлари текширилиб, аниқ ташҳислар қўйилган ҳолда тиббиёт муассасаларида даволаниш учун йўлланмалар берилди.

- Кўп йиллардан буён қон босими ва қандли диабет касаллиги мени қийнаб келади, - дейди дарвозатутаклик Ҳалима Бўриева. – Жуда кўп шифокорларга учрашганман. Ҳар қайсиси ҳар хил дорилар ёзиб беришарди. Тошкентгами, Самарқандгами бориб, малакали шифокорларга кўриниб, аниқ ташҳис қўйдириш ниятим бор эди. Аммо иқтисодий томондан қийналганим боис узоқ шаҳарларга боришнинг сира иложи йўқ эди. Тунлари Оллоҳга илтижо қилиб, дардимга шифо сўрар эдим. Тангрининг инояти билан орзуйим ушалди. Самарқандлик энг зўр шифокорлар бизнинг маҳалламизга келиб, саломатлигимни текшириб кўришди. Эндиликда аввалгидек 8 та эмас, иккитагина таблетка истеъмол қилаяпман. Соғлиғим анча яхшиланди. Дардимизга дармон бўлиб, биз беморларнинг раҳмини егани учун O’zLiDeP вилоят кенгаши ҳамда Қарши шаҳар кенгаши депутати Дилрабо Шариповага ўз миннатдорчилигимни билдираман. Тан жонлари соғ бўлсин, шифокорлик ва депутатлик фаолиятларига оллоҳ мададкор бўлсин деб дуо қиламан.  

Шу куни маҳаллада истиқомат қилаётган 3245 аҳолининг 300 нафаридан кўпроғи шифокорлар кўригидан ўтишди. Тадбир сўнгида ташкил этилган давра суҳбатида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни кучайтириш, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, тиббий хизматни замонавийлаштириш ва сифатини ошириш, тиббиёт муассасаларини энг сўнгги тиббий технологиялар билан жиҳозлаш юзасидан амалий таклифлар билдирилди. Тиббий кўрик шаҳарнинг Гулшан маҳалласида ҳам юксак уюшқоқлик билан ташкил этилди.

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири

  • Кўрилди
    545
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+