Қўшма мажлис якунлари бўйича O'zLiDeP фракцияси раҳбари А.Хаитов брифинг ўтказди

17.05.2022, 12:20

Қўшма мажлис якунлари бўйича O'zLiDeP фракцияси раҳбари А.Хаитов брифинг ўтказди

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси ва “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда мамлакатимиз конституциясига ўзгартиришлар ва янгилиланишларни киритиш борасидаги таклиф ва ташаббуслар  муҳокама қилинди.

Ушбу бўлиб ўтган йиғилиш натижалари юзасидан Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси раҳбари Актам Хаитов Оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида брифинг ўтказди.

O'zLiDeP етакчиси ўз нутқида партиянинг дастурида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, ор-номуси, эҳтиёжлари ва манфаатларига қаратилганини алоҳида эътироф этиб ўтди.

- Конституцияни такомиллаштириш масаласи ўтган йилги сайловолди жараёнларида партиямиздан президентликка кўрсатилган номзод ҳамда ишончли вакилларнинг аҳоли билан учрашувларида қарийб барча ҳудудларда сайловчиларимиз томонидан кўтарилган. Хусусан, сайловолди учрашувларида инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, тадбиркорлик кафолатларини янада кучайтириш, фуқаролик жамиятини, маҳалла, оила институтини ривожлантириш, давлатнинг ижтимоий муаммоларни ҳал этишга масъуллигини ошириш, ёшлар, кексалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш, таълим ва илм-фанни янги босқичга кўтариш, экология, она табиатни асраш борасидаги ҳуқуқий нормаларни қайта кўриб чиқиш юзасидан таклифлар билдирилган.

Мазкур таклифлар замирида аслида халқимизнинг орзу-истаклари мужассам. Шу боисдан бу таклифларни аслида халқимиз томонидан илгари сурилган таклифлар деб қараш тўғри бўлади.Кўп миллатли мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида  Халқимиз ўз эртасини бугунги ислоҳотлар замирида эканлигини аллақачон чуқур англаб етди дейишга тўла асосларимиз бор.

Ушбу масалада O’zLiDePнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасида салмоқли ўринга эга бўлган сиёсий партия фракцияларидан бири бўлмиш “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси билан биргаликда ҳамфикр эканлиги яна бир бор ушбу ўзгаришлар аҳолининг аксарият қисми орзу-интилишларига мос эканлигини яққол кўрсатади.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, йиғилиш қарорига мувофиқ O’zLiDeP фракцияси конституциявий ислоҳотларни бошлаш  масаласини Олий Мажлис палаталари кенгашларининг қўшма мажлисига киритишни якдиллик билан қўллаб-қувватлайди, -  дейди А. Хаитов.

  • Кўрилди
    479
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+