Тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш орқали инсон қадри янада улуғланади

18.05.2022, 14:51

Тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш орқали инсон қадри янада улуғланади

Инсон саломатлигини муҳофаза қилиш қадр-қимматнинг энг улуғ тушунчасидир. Тўғри-да, саломатликка не етсин. Юртимизда одамларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашининг бош мезони саломатликдир. Бинобарин, инсон соғ-саломат яшаши учун энг аввало шифокорлар қўллаб-қувватланиши, унумли меҳнат қилиши, тўкис яшаши учун барча қулайликлар яратиб берилиши лозим.

Президентимизнинг 2022 йил 17 майдаги “Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони билан тиббиёт ходимлари давлат томонидан қўллаб-қувватланди. Хусусан, фармонда 2022 йил 1 июндан бошлаб давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ходимларининг ойлик лавозим маошлари: олий ва биринчи малака тоифаларига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун – 15 фоизга, иккинчи малака тоифасига эга бўлган ва тоифага эга бўлмаган, шунингдек, бошқа тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун – 10 фоизга, тиббиёт муассасаларининг бошқа ходимлари учун – 15 фоизга оширилгани қайд этилган. Бунда, тиббиёт муассасаси ходимларининг тариф ставкаларини ҳисоблаш амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари бўйича тариф коэффициентларини тегишинча 1,15 ва 1,1 баробарга кўпайтириш орқали амалга оширилади.

Фармоннинг яна бир диққатга молик жиҳати шундан иборатки, ходимларни моддий рағбатлантиришга ажратилган маблағлар ҳисобидан давлат тиббиёт муассасасининг юқори малакали, алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган тиббиёт ҳамда фармацевтика ходимларига ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача ҳамда бошқа ходимларга 75 фоизигача ойлик устамалар тўлаб берилади. Янги иш бошлаган салоҳиятли ёш шифокорларга 1 миллион сўмгача махсус ойлик устамалар белгиланиши кўрсатилган. Бундан ташқари оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда кундузги стационар иш вақтини соат 20:00 гача узайтириш ҳисобига иккинчи сменада ишловчи шифокор ҳамда ҳамшираларга лавозим маошининг 30 фоизигача ойлик қўшимча устамалар тўлаб берилади.

Яна бир эътиборли жиҳатга диққатингизни тортмоқчиман. Фармонда 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб даволаш-профилактика муассасаларининг ходимларига уларнинг тиббиёт соҳасида ва меҳнат фаолиятида илмни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини инобатга олган ҳолда, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фан доктори (Doctor of Science) илмий даражаси учун лавозим маошининг 60 фоизигача ва фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси учун лавозим маошининг 30 фоизигача миқдорда ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўланиши ҳам белгилаб қўйилди.

Узоқ ва олис ҳудудларга бориб ишловчи шифокорлар меҳнати ҳам қадрланади. Фармонда 2022 йил 1 июлдан бошлаб вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан, шунингдек, хорижий давлатлардан Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир, Чимбой, Қораўзак, Бўзатов, Шуманай, Қўнғирот туманларига бориб ишловчи шифокорларнинг ойлик лавозим маошига дастлабки уч йил давомида 100 фоиз, Мўйноқ туманида эса 200 фоиз миқдорида қўшимча ҳар ойлик устама тўловлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланиши қайд этилган.

Бу ғамхўрликлар замирида юқорида таъкидлаганимиздек, инсон қадри ва саломатлик қадри деган улуғ тушунчалар мужассм десак, сира муболаға қилмаган бўламиз. Зотан, шифокорларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши бу – юртимизнинг гуллаб яшнашига, соғлом авлод камол топиб, Янги Ўзбекистон келажагини яратишга муносиб ҳисса қўшишидан далолат бериб турибди.

  Мавлуда ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

  O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    377
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+