Бухоро шаҳрида ўтказилган “Ишбилармон аёл - 2022” кўрик-танловининг ғолиблари аниқланди

03.06.2022, 11:37

Бухоро шаҳрида ўтказилган “Ишбилармон аёл - 2022” кўрик-танловининг ғолиблари аниқланди

Ҳар йили бўлганидек, “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб эълон қилинган жорий йилда ҳам O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг тегишли қарорига мувофиқ жойларда “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг шаҳар ва туман босқичлари ўтказилмоқда.

Бухоро шаҳридаги “Малика Султон” зардўзлик ва ҳунармандчилик марказида бўлиб ўтган кўрик-танловда аёллар ўртасида тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантириш, хотин-қизлар учун қўшимча иш ўринлари яратиш, уларнинг жамиятдаги фаоллигини янада ошириш юзасидан ишлаб чиқилган лойиҳаларнинг тақдимотлари асосида ушбу тадбир иштирокчиларининг маҳорати навбатдаги синовдан ўтказилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, партия фракцияси раҳбари Актам Хаитов сўзга чиқиб, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга турли ёшдаги аёллар ҳам салмоқли ҳисса қўшиб келаётганликларини, партиявий лойиҳалар ижросида уларнинг ҳам ўз ўрни борлигини таъкидлади, кўрик-танлов иштирокчиларига муваффақиятлар тилади.

Кўрик-танлов якунида ғолиб ва совриндорлар ҳакамлар ҳайъати қарорига биноан бир қатор номинациялар бўйича муносиб тарзда тақдирландилар ҳамда уларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.

Жумладан, “Қишлоқни ижтимоий ривожлантиришда фаоллик кўрсатган фермер аёл” номинацияси бўйича Бухоро шаҳридаги “Баноаз текстиль” МЧЖ раҳбари, кўп тармоқли тадбиркор, «Меҳнат шуҳрати» ордени сохибаси Маҳтоб Адилова, “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли” номинацияси бўйича вилоят марказидаги “Малика Султон” оилавий корхона раҳбари Юлдуз Рахимова, “Энг ёш, фаол аёл тадбиркор” номинацияси бўйича Бухоро шаҳридаги “Саодатхон тикув уйи - 2021” МЧЖ раҳбари, корхона ҳузуридаги БПТ раиси Саодатхон Садиллоева, “Замонавий ташаббускор аёл” номинациясида шаҳардаги “Aholiga sayyor servis va konsalting xizmatlar ko’rsatish” МЧЖ раиси Шахноза Джураевалар ғолибликни қўлга киритдилар.

Таъкидлаш жоизки, уларнинг барчаси O’zLiDeP Бухоро шаҳар Кенгаши “Аёллар қаноти” фаолларидир.

Ғолиблар ушбу кўрик-танловнинг  вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.

-Бундай кўрик-танловлар бизни янги меҳнат ютуқларини қўлга киритишга, ҳамкасбларимиз билан ўзаро тажриба алмашишга, замонавий фан муваффақиятларини ишлаб чиқаришга жорий этишга даъват этади, - дейди кўрик-танлов ғолибларидан бири Маҳтоб Адилова. - Эл-юртимиз дастурхонини янада тўкин қилиш корхонамиз меҳнат жамоасининг асосий мақсадига айланган. Иссиқхонамизда етиштирилаётган помидор маҳсулоти ҳажмини йил сайин кўпайтириб, кенг тармоқли тадбиркор аёллар сифатида янада самарали иш олиб боришга қарор қилганмиз.

Тадбир доирасида партия масъуллари, кўрик-танлов иштирокчилари O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов ҳамроҳлигида бухоролик таниқли зардўз, партия фаоли Махфуза Салимова томонидан ташкил этилган “Малика Султон” зардўзлик ва ҳунармандчилик маркази иш фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар.

  • Кўрилди
    746
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+