O'zLiDeP ишчи гуруҳи Яшнободда: насос чиқарадиган сувни дарахтлар тагидан оқизишнинг иложи борми?

03.06.2022, 16:52

O'zLiDeP ишчи гуруҳи Яшнободда:  насос чиқарадиган сувни дарахтлар тагидан оқизишнинг иложи борми?

Кўчат ўтқазиш – хайрли ишнинг бошланиши. Шу маънодаки, катта дарахт бўлгунига қадар (балки, кейин ҳам) уни мунтазам суғориш, асраб-авайлаш  керак. Пойтахтимизнинг  Яшнобод туманидаги “Моҳинур” маҳалласи ҳудудида ҳам баҳорда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кўплаб ниҳоллар, буталар экилди. Лекин уларни суғориш қийин бўляпти. Ваҳоланки, неча-неча гектар майдонларга етадиган сув маҳаллада беҳуда оқиб кетяпти.

Гап шундаки, ер сатҳидан пастда жойлашган турар ва нотурар жойларни сув босмаслиги учун маҳаллада сизот сувларини доимий равишда юзага чиқарадиган ер ости насоси ўрнатилган. Бир ойда 2-3 марта, лекин суткалаб ишлатилувчи бу насос  ҳар дақиқада беш кубометрга яқин сувни юзага чиқаради. Афсус, бу сув ўсимликларга ҳеч қандай наф бермай,  бетон ариқлардан каналга оқиб  кетади. Сувни дарахтзор, гулзорларга томон оқизишнинг иложи йўқми? Бор. Фақат бунинг учун ҳудудда ирригация-суғориш тизимини қайта қуриш зарур.  

Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини жорий йилда амалга оширишга оид давлат дастурининг олтинчи устувор йўналиши бўйича ЎзЛиДеП депутатлари, фаолларидан иборат ишчи гуруҳ тегишли ташкилотлар вакиллари иштирокида  маҳаллада мулоқот ўтказиб, мазкур масалани муҳокама этди.  Маҳалла фаоллари, масъул идоралар вакиллари бу борада талай таклифларни ўртага ташладилар. Улар ичидан энг асослилари танлаб олиниб, маҳаллий бошқарув органларига йўлланди.

– Бу ташаббус ер ости насослари бор бошқа маҳаллалар учун ҳам ибратлидир, – дейди Яшнобод туман кенгашидаги партиямиз депутати   В.Адилов.  

Мулоқотнинг иккинчи қисми ғоят долзарб масала – Конституцияни такомиллаштиришга қаратилган таклифларни тинглаш, кўриб чиқишга  бағишланди. Фуқаролар коммунал хизматлар бўйича шартномаларда истеъмолчилар ҳуқуқларини кенгайтириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш,   оғир дардга чалинганлар учун дориларни бепул қилиш, жониворларни қийнаганлик, бесабаб ўлдирганлик учун жазони оғирлаштириш ва бошқа бир қанча таклифларни илгари сурдилар.  Улар Ўзбекистон Конституциясини такомиллаштириш бўйича таклифларни умумлаштириш  ва Миллий комиссияга тақдим этиш бўйича O‘zLiDeP  Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси  ишчи гуруҳига тақдим қилинди.

Виктор Адилов,

Беҳзод Исроилов,

Тараққиёт стратегиясини жорий йилда амалга

оширишга оид давлат дастурининг 6-устувор

йўналиши бўйича партия ишчи гуруҳи аъзолари

  • Кўрилди
    470
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+