O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

04.06.2022, 12:29

O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда партиянинг барча ҳудудий кенгашлардаги вакиллари, партия фаоллари, маҳаллий кенгашлар депутатлари онлайн иштирок этишди.

Мажлисда асосий эътибор O’zLiDeP тузилмаларининг Конституцияни такомиллаштириш жараёнида фаол иштирокини самарали ташкил қилиш масалаларига қаратилди.

Таъкидлаш жоизки, Конституциявий ислоҳотларни кенг тарғиб қилиш мақсадида ҳар бир ҳудудда камида 5 нафар аъзодан иборат тарғибот гуруҳлари шакллантирилди. Давлатимиз раҳбари томонидан конституциявий ислоҳотлар бўйича белгилаб берилган 9 та йўналиш бўйича партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси қошида Ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Хусусан, Бош қомусимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурати ва бу ислоҳотнинг мазмун-моҳияти бўйича нафақат партиянинг бир миллиондан ортиқ аъзоси, балки аҳоли кенг қатламлари орасида, жумладан, маҳаллаларда, тадбиркорлик субъектлари, 14 мингга яқин O’zLiDeP бошланғич партия ташкилотларида очиқ мулоқот, давра суҳбатлари шаклида тушунтириш ишлари олиб бориляпти.

Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасидаги ишчи гуруҳ томонидан Асосий қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан илгари сурилган таклифлар умумлаштирилиб борилмоқда ҳамда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича миллий комиссияга тақдим этилмоқда.

Конституциявий ислоҳотлар бошланган даврдан то шу кунга қадар Республика ва ҳудудий тарғибот гуруҳлари томонидан партия қуйи бўғинлари, меҳнат жамоалари, олий таълим муассасалари, маҳаллаларда 410 та тадбир ўтказилган бўлиб, уларда жами 21 мингга яқин иштирокчилар қамраб олинди. Тадбир иштирокчилари томонидан 270 дан зиёд таклифлар билдирилди. Шулардан аксарияти, аниқроғи, 142 та таклиф O’zLiDeP томонидан почта орқали Республика комиссиясига киритилган бўлса, қолганлари партия фаоллари томонидан электрон почта, “Менинг Конституциям” портали ва Телеграмм-ботлар воситасида Комиссияга етказилди.

Мажлисда ушбу тарғибот ишларини тизимли давом эттириш ҳамда билдирилган таклифлар Миллий комиссияга мунтазам тақдим этиб бориш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек йиғилишда партия Қашқадарё вилоят Кенгашининг Кўкдала туман бўлимини ташкил этиш тўғрисидаги масала партия фаоллари иштирокида муҳокама қилинди.

Партия Қашқадарё вилоят Кенгашининг 2022 йил 29 апрелдаги O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасига Кўкдала туман кенгашини ташкил қилиш масаласида қилган мурожаати асос сифатида қабул қилинди.

Йиғилишда Ижроқум аъзолари томонидан ушбу таклиф инобатга олинган ҳолда O’zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши таркибида Кўкдала туман бўлими тузилиши бўйича қарор қабул қилинди.

Мажлисда янги тузилаётган туман бўлимини ташкил этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар ва зарур ташкилий ишларни амалга ошириш, ушбу туман партия Кенгаши фаолият юритиши учун қулай бино ва моддий-техника жиҳозлари билан таъминлаш, партия бўлимнинг раҳбар ва ўринбосарлари, масъул ходимлари лавозимларига номзодлар тақдим этиш, 2022 йилнинг 5 июлига қадар мазкур партия бўлимининг фаолиятини тўлиқ йўлга қўйиш вазифалари белгилаб олинди.

Мажлисда бошқа бир қатор муҳим масалалар ҳам муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

O’zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    603
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+