ТАТУ Урганч филиали талабалари ва ўқитувчилари Конституция такомиллаштирилиши юзасидан асосли таклифлар билдирдилар

15.06.2022, 14:42

ТАТУ Урганч филиали талабалари ва ўқитувчилари Конституция такомиллаштирилиши юзасидан асосли таклифлар билдирдилар

O‘zLiDeP  Хоразм вилояти ҳамда туман, шаҳарлар кенгашлари партия қуйи бўғинлари, депутатлар билан биргаликда ҳудудда Конституциямиз ислоҳ қилиниши жараёнига бағишланган 50 дан ортиқ  тадбир уюштирдилар. Мулоқотларда 2 минг 700 дан ортиқ  тадбиркор, фермер, маҳаллалар фаоллари, ёшлар ва жамиятнинг бошқа қатламлари вакиллари иштирок этиб, Асосий қонун такомиллаштирилиши юзасидан 100 га яқин таклиф билдирдилар. Ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, мулк дахлсизлигини кафолатлаш, ногиронлар учун кўпроқ иш ўринлари яратиш, тиббиёт ва таълим тизимини ислоҳ қилиш сингари  жўяли таклиф ва тавсиялар Ўзбекистон Конституциясини такомиллаштириш бўйича таклифларни умумлаштириш  ва Конституциявий комиссияга тақдим этиш бўйича O‘zLiDeP  Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасидаги ишчи гуруҳга тақдим қилинди.

Навбатдаги тадбир Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиалида ташкил қилинди. Асосан талабалар, ўқитувчилар қатнашган мулоқотда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари,  O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов иштирок этди.

Партия лидери  Бош қомусни ислоҳ қилиш заруратини юзага келтирган омиллар, унга қўшимча ва ўзгартишлар киритилишининг улкан аҳамияти, афзалликлари тўғрисида атрофлича сўз юритди.  Асосий қонунни такомиллаштириш ташаббуси билан чиққан O'zLiDeP Конституцияни ислоҳ қилиш билан боғлиқ жараёнларда фаол қатнашаётганига ҳам тўхталиб ўтди. Бош қомусимизда амалга ошириладиган барча ўзгаришларнинг туб моҳиятини ташкил қилувчи асосий ғоя “Инсон қадри учун” шиорида ифодаланганини билдирди. Мамлакатимиз тақдирига бефарқ бўлмаган барча юртдошларимиз Конституция такомиллаштирилишида ғоят фаол қатнашиши кераклигини таъкидлади. 

Мулоқотда бир қанча ғоялар ўртага ташланди. Айниқса,  ёшларнинг умумтаълим жараёнида касб-ҳунарга эга бўлишлари давлат томонидан кафолатланиши, тиббий суғурталашнинг мукаммал механизми жорий қилиниши, иқтидорли ёшлар қўллаб-қувватланишининг янада кучайтирилиши тўғрисидаги таклифлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Уларни партия ишчи гуруҳига топшириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Мазмунли, самимий кечган мулоқотдан  кейин O'zLiDeP етакчиси иқтидорли талабаларнинг ҳаётга татбиқ этилаётган ишланмалари ва  лойиҳалари билан танишди.

  • Кўрилди
    540
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+