Конституциявий ислоҳотларда аёлларнинг ўрни

17.06.2022, 16:16

Конституциявий ислоҳотларда аёлларнинг ўрни

Янги Ўзбекистондаги туб бурилиш даври мамлакат Конституциясини ҳам ислоҳ қилиш, янги давр мақсадларини унда тўлиқ акс эттириш вазифасини долзарб этиб қўймоқда.

Шу муносабат билан юртимизнинг ҳар жабҳасида аҳолининг фикрини ўрганиш, тегишли таклифлар олиш борасида самарали тизим ишга туширилди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам бу жараёнда четда қолгани йўқ. Аксинча, жамиятнинг ислоҳотлар ташаббускори бўлишида жонбозлик кўрсатмоқда.

Конституциявий ислоҳотлар – янги давр талабига айланган бир паллада Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O’zLiDeP фракцияси аъзолари амалдаги Бош қомусимизнинг давр талабига жавоб бериши, унда хотин-қиз ҳуқуқлари янада мустаҳкамланиши мақсадидаги таклифларни ўрганиш устида ҳам иш олиб боришмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Халқаро ишлар ва парламетлараро алоқалар қўмитаси аъзоси Дилбар Усманова, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим бошлиғи Севара Муслимова, партия Тошкент вилоят Кенгаши “Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири Диёра Болтаевалар юқоридаги мақсадни амалга ошириш ниятида Нурафшон шаҳридаги "TEXTILE MILL TASHKENT" Ўзбекистон – Германия қўшма корхонасида бўлишди.

270 дан ортиқ хотин-қизлар меҳнат қилаётган қўшма корхонанинг “Тўқув”, “Тикув-бичув”, “Қадоқлаш” каби цехларида ўтказилган учрашувларда бугун юртимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат натижаси ўлароқ, ҳамма бирдек фаолашиб, ўз фикрини, қарашларини эркин билдириш имкониятига эга бўлаётгани таъкидланди.

Конституцион ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг ташаббус, ғоялари, фикр ва таклифларини олиш мақсадида ташриф буюрган депутат Дилбар Усманова бу ерда ишчи аёллар билан бўлган суҳбатда уларнинг жамият ва давлат ҳаётида тутган ўрни борасида тўхталаркан, бугунги муҳим паллада ҳам уюшқоқлик, фаоллик, дахлдорлик билан иштирок этишга ундади.

Шунингдек, бугун мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий муносабатларда иштирок этишининг зарурий ҳуқуқий кафолатлари яратиб берилаётгани борасида фикр юритди. Хусусан, Янги Ўзбекистон Конституциясида хотин-қизлар ҳуқуқларини мустаҳкамлашда улардан келиб тушадиган таклифлар алоҳида инобатга олиниб, асосий қонунимизни такомиллаштириш ишида муҳим аҳамият касб этишини уқтирди.

Бундан ташқари, конституциявий ислоҳотлар жараёнида фаоллик кўрсатиш, бунда юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан ёндашиш юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаронинг инсоний бурчи эканини қайд этди.

Конституцияда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш масаласи партия учун долзарб вазифа сифатида кўрилишини таъкидлади.

Учрашувлар якунида ишчи-ходимларнинг фикр-мулоҳаза, таклифлари тингланиб, қизғин муҳокама қилинди.

Партия фаоллари корхонада учрашув уюштириш баробарида фабрика фаолияти билан ҳам қизиқди. Бугунги кунда 330 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилувчи, асосан ички ва ташқи бозорга турли русумдаги пайпоқлар етказиб бераётган корханада ишчи-ходимларга яратиб берилган шароитларни яқиндан ўрганди.

Корхона масъул раҳбарлари билан бўлган ўзаро суҳбат асносида юртимизда тадбиркорларга берилаётган эътибор, партиянинг бу борадаги ўз олдига қўйган мақсад ва вазифалари, соҳани қўллаб-қувватлаш йўналишида олиб бораётган фаолияти ҳақида сўз борди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O‘zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири

  • Кўрилди
    727
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+