Хусусий мулкнинг ишончли кафолати таъминланади

20.06.2022, 18:13

Хусусий мулкнинг ишончли кафолати таъминланади

Аслида ҳам бусиз тараққиётни, ривожланишни тасаввур этиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам бугун тадбиркорликни ривожлантиришга катта куч сарфланяптики, бу ўз мевасини ҳам бераяпти, албатта. Шу билан бирга мазкур йўналишда ҳам Асосий Қомусимизга айрим ўзгартиришлар киритилишига эҳтиёж сезилмоқдаки, бу борада давлатимиз раҳбари 20 июнь куни ўтказилган йиғилишда алоҳида тўхталиб ўтди.

Яъни давлат раҳбари Бош қомусимизда хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш учун зарур бўлган конституциявий кафолатларни кучайтириш ҳақида айтиб ўтди. Шундагина катта-кичиклигидан қатъий назар, ҳар бир тадбиркор доимо давлат, Конституция, қонунлар ҳамда Президент ҳимоясида эканини амалда ҳис қилишади.

Ривожланган давлатлардаги каби мулкдор суд қарорисиз, ўзининг розилигисиз, адолатли товон пулисиз, мулкидан маҳрум этилмаслиги, шу билан бирга, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқмаслик ҳамда бекор қилмаслик масаласини ҳам Конституциявий қоида сифатида белгилаш лозим. Энг муҳими, иқтисодиётимизни ҳаракатга келтирувчи асосий куч бўлган тадбиркорликнинг ривожланиши йўлидаги барча тўсиқ ва ғовларни олиб ташлашимиз зарурлигига эътибор қаратишимиз керак, деди президент.

Бунинг учун эса тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга, тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли эканини Конституцияда мустаҳкамлаш таклиф этилди. Яна давлат хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит ҳамда шароитларни таъминлаши, эркин ва ҳалол рақобатнинг ҳимоя қилиниши, иқтисодий фаолиятда монополлаштиришга йўл қўйилмаслигини кафолатлаши лозим.

Ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги ерлари ва ўрмон фонди давлат тасарруфида бўлиб, тадбиркорлик субъектларига ижара шартномаси асосида берилиши ҳақида ҳам янги норма киритилса, бу кўплаб хусусий сектор вакиллари учун айни муддао бўларди.

Мазкур нормалар тадбиркорликни кенгроқ ривожланишига, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қиладиган ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилибгина қолмай, ҳам мамлакат иқтисодини ўсишига, ҳам аҳоли фаровонлигини ошишига ҳам сабаб бўлади.

Алишер РЎЗИЕВ,

O'zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши раиси

Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    218
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+