Бош қомусимизда маҳалланинг мақомини янада ошириш таклифи илгари сурилди

21.06.2022, 15:30

Бош қомусимизда маҳалланинг мақомини янада ошириш таклифи илгари сурилди

Куни кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича келиб тушган таклифлар юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашди.

Халқимиздан Комиссияга келиб тушган барча муҳим ва долзарб таклифларнинг айримлари давлатимиз раҳбари томонидан муҳокама қилиниб, шулар асосида  4 та йўналиш бўйича ўз таклифларини киритдилар. 

Жумладан, учинчи йўналиш – эркин  ва адолатли фуқаролик жамияти ривожланиши билан боғлиқ масалада ҳам айнан фуқаролар йиғинларининг жамиятдаги мавқеи ва таъсирини кучайтиришга  кўмаклашиш мақсадида маҳалланинг мақомини ҳамда давлат органларининг  бу борадаги вазифаларини Асосий қонунимизда аниқ белгилаб қўйишни таклиф этди.

 Биз маҳалла деганда, дунёда камдан-кам учрайдиган, инсонни жамият билан уйғун бўлиб яшашга ўргатиб, бағрикенглик руҳида тарбиялайдиган,  халқ билан давлат ўртасидаги ишончли кўприк вазифасини бажарадиган ноёб тузилмани тушунамиз.

 Юртимизда яшайдиган ҳар бир инсон, миллати, тили ва динидан  қатъи назар, ўз ҳаётини, қувончу ташвишларини маҳалладан айри ҳолда тасаввур эта олмайди.

Бизнинг халқимиз учун жамият, аввало, маҳалладан бошланади. Маҳалла – асрлар давомида миллий урф-одатларимиз ва бой маънавиятимизни безавол сақлаб, халқимиз учун эзгулик ва тарбия бешиги, яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик маскани бўлиб келмоқда.

Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари маҳаллаларнинг давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги, жойлардаги маҳаллий аҳамиятга  молик масалаларни мустақил ҳал этиш бўйича ваколатлари алоҳида  белгиланиши зарур эканлигини таъкидлаб ўтди.

Йиғилиш сўнггида давлатимиз раҳбари халқимизга мурожаат қилиб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида бошлаган барча ислоҳотларимиз ҳар биримизнинг бугун ва келажакда фаровон ҳаёт кечиришимизни таъминлашга қаратилганлигини таъкидлаб ўтди.

Мухтасар қилиб айтганда, Конституциявий ислоҳотлар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг  изчиллик билан давом этишида, инсон қадрини юксалтиришда ва  халқимизнинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга хизмат қилади.     

Сағиндиқ Турманов,

Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла

ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири,

O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    448
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+