Конституция фаровон ҳаётимиз кафолати

21.06.2022, 15:39

Конституция фаровон ҳаётимиз кафолати

Барчамизга яхши маълум, бугун давлатимиз раҳбари Конституцияга ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашди.

Давлат раҳбари илгари сураётган ташаббуслар моҳиятини жамиятимизда кечаётган қизғин жараёнлар контекстида таҳлил қилсак, уларнинг нақадар жиддий аҳамиятга моликлигига амин бўламиз. Масалан, узоқ йиллар давомида биринчи навбатда давлат олдида турган вазифа ва муаммоларни ҳал қилиш, ммуҳим жараёнларга давлат манфаатлари нуқтаи назаридан ёндашиш, шундан сўнггина жамият ва инсон турмуши билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратиш амалиёти ҳукм сурди. Шу сабабдан амал қилиб келаётган барча ҳуқуқий ҳужжатларда давлат манфаатлари устуворлиги кўзга ташланади. Кейинги йилларда эса “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойили ислоҳотларнинг бош қоидасига айлантирилди. Келажакда ушбу тамойил асосида амалга ошириладиган ўзгаришлар тенденциявий тус олиши учун энг аввало “инсон – жамият – давлат” тамойилини конституцион норма сифатида мустаҳкамламоқ зарур.

Маълумки, хусусий мулксиз, унинг ишончли кафолатисиз кучли ижтимоий давлатни қуриб бўлмайди. Шу боис, Президентимиз томонидан Бош қомусимизда хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш учун зарур бўлган конституциявий кафолатларни кучайтириш таклифи илгари сурилди. Ривожланган давлатлардаги каби, шундай тартиб ўрнатилиши лозимки, мулкдор суд қарорисиз, ўзининг розилигисиз, адолатли товон пулисиз, мулкидан маҳрум этилмасин.

Шу билан бирга, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқмаслик ҳамда бекор қилмаслик масаласини ҳам Конституциявий қоида сифатида белгилаш лозимлиги қайд этилди. Иқтисодиётимизни ҳаракатга келтирувчи асосий куч бўлган тадбиркорликнинг ривожланиши йўлидаги барча тўсиқ ва ғовларни олиб ташлаш масаласи кўтарилди. Бу ишларнинг замирида фақат ва фақат инсон манфаатлари мужассам.

Бир сўз билан айтганда, мамлакат Асосий қонунига ўзгартиришлар киритиш жараёнининг бошланаётгани жамият аъзолари олдида муайян вазифаларни қўймоқда. Бугунги кунда барчамиздан мазкур жараёнларда фаол иштирок этиш, асосий ҳужжатга киритиладиган ўзгартишлар юзасидан ўз фикрини билдиришни фуқаролик масъулияти сифатида қабул қилиш талаб этилмоқда. Биз барча ватандошларимизни ушбу муҳим ижтимоий жараёнда астойдил қатнашиб, ўз фуқаролик бурчини муфассал адо этишга чақириб қоламиз.

Хуршидахон Халилова,

O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси, 

халқ депутатлари Андижон вилоят кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    342
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+