Ўзбек ва Озарбайжон халқлари дўстлигини мустаҳкамлаш йўлида яна бир улкан қадам ташланди

24.06.2022, 15:57

Ўзбек ва Озарбайжон халқлари дўстлигини мустаҳкамлаш йўлида яна бир улкан қадам ташланди

Ўзбек ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ришталари узоқ тарихга ва маънавий асосга эга. Бу қардошлик ришталари Аҳмад Фарғоний ва Абу Райҳон Беруний асарларида ёрқин бўёқларда акс эттирилган. Шарқшунослик институтларимиз фондларида эса Низомий, Хақоний, Тусий, Фузулий, Хатоий ва бошқа кўплаб озарбайжон шоир ва фозилу фузолаларининг ноёб асарлари сақланмоқда ва ундан халқимиз баҳраманд бўлмоқда.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таклифи билан юртимизга расмий ташрифи эса бу мустаҳкам алоқаларни янада юксалтиришга хизмат қилади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев алоҳида таъкидлаганидек, учрашувларда икки томонлама кун тартибидаги масалалар батафсил муҳокама қилинди. Музокаралар ҳамкорлигимизни халқларимиз манфаатлари йўлида бундан буён ҳам ҳар томонлама мустаҳкамлашга тайёрлигимизни кўрсатди. Салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланди. Икки томонлама муносабатларда янги босқични бошлаб берадиган Стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида декларацияга имзо чекилди.

Айниқса, савдо ва саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамкорликнинг энг муҳим устувор йўналиши сифатида эътироф этилди. Бу борада кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми анча кўпайиб, қўшма корхона ва лойиҳалар сони 4 баробар ошгани қайд этилди.

Томонлар ҳамкорликни тубдан фаоллаштириш учун кенг имкониятлар борлиги, энг аввало, иқтисодиётларимизнинг бир-бирини тўлдириб туришига ишонч билдиришгани нур устига нур бўлди. Масалан, Озарбайжоннинг Ҳожиқабул шаҳрида автомобиль ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани, ипакчилик соҳасидаги ҳамкорлик ривожланиб бормоқда. Табиий бойликларни қазиб чиқариш, нефть-кимё, фармацевтика, қурилиш материаллари, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, озиқ-овқат, заргарлик буюмларни ишлаб чиқариш, виночиликда ўнлаб янги лойиҳалар бунга аниқ мисол бўла олади.

Бугун юкларни, шу жумладан “Боку – Тбилиси – Қарс” темир йўли орқали ташиш ҳажми ортиб бораётганини икки давлат раҳбарлари олқишладилар. Томонлар янги йўлакларни ташкил этиш, мультимодал ташишларни кўпайтириш, транспорт корхоналари учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича янги лойиҳалар ишлаб чиқишга қарор қилишди.

Яна бир масала, маданий-гуманитар соҳада ҳам азалдан мамлакатларимиз ва халқларимиз яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу борада келгусида маданият ва кино кунларини ўтказиш, гуманитар ва туризм алмашинувига доир дастурларини ривожлантириш масалаларида ҳам келишувга эришилди.

Икки қардош халқ раҳбарларининг самимий учрашуви ва бу учрашувларда мамлакатларни тараққий эттириш йўлида истиқболли лойиҳалар борасида ҳамкорликни йўлга қўйилгани юртимиздаги барча халқларни мамнун этмоқда.

Албатта, биз депутатлар ҳам ўзбек ва Озарбайжон халқларининг азалий ва тарихий дўстлиги икки давлат раҳбарлари томонидан янада мустаҳкамланаётганини қўллаб-қувватлаймиз. Чунки, Озарбайжон биз учун нафақат иқтисодий ҳамкор давлат, балки маънавий, маърифий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, тили, дини, дунёқараши, феъл-атвори ўхшаш халқ сифатида яқин маслакдошдир. Зотан, буюк бобокалонларимиз бошлаган қадимий дўстлик ришталарининг бугун янгича мазмунда мустаҳкамланаётганини табриклаш керак.

Дилбар УСМОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар

қўмитаси аъзоси.

  • Кўрилди
    443
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+