Шаҳрисабз тиббиёт бирлашмасидаги мулоқот: аҳоли соғлигини асраш борасида мукаммал ҳуқуқий асос яратиляпти

27.06.2022, 18:21

Шаҳрисабз тиббиёт бирлашмасидаги мулоқот: аҳоли соғлигини асраш борасида мукаммал ҳуқуқий асос яратиляпти

Мамлакатимизда Конституцияни ислоҳ этиш  жараёни қизғин паллага кирди. Шу кунларда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси ўтказилмоқда. O'zLiDeP бу саъй-ҳаракатларда фаол қатнашяпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов иштирокидаги навбатдаги тадбир Шаҳрисабз тумани тиббиёт бирлашмасида бўлиб ўтди. “Конституциявий ислоҳотлардан кўзланган мақсад – халқпарвар давлат барпо этиш” мавзуидаги давра суҳбатида  депутатлар, БПТ етакчилари, шифокорлар, маҳаллалар фаоллари, ёшлар қатнашди. 

Тадбирда мазкур қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва халқимиз ҳаётидаги аҳамияти хусусида атрофлича сўз юритилди.  Унинг қабул қилиниши ҳар бир инсон учун муҳимлиги  қайд этилди.

Партия лидери йиғилганлар эътиборини, жумладан, қонун лойиҳасининг 40-моддасига ҳам қаратди. Амалдаги Конституцияда биргина қисқа жумладан иборат норма таҳрир қилиниб, мазмунан кенгайтириляпти, мукаммаллаштириляпти: “Ҳар ким соғлиғини муҳофаза қилиш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қонунда белгиланган ҳажмда кафолатланган бепул тиббий ёрдам олишга ҳамда тез ва шошилинч тиббий ёрдамни ҳам ўз ичига оладиган кафолатланган бепул тиббий ёрдам олишга ҳақли”.

А.Хаитов мазкур қўшимча ва ўзгартишларга изоҳ берар экан, Президентимизнинг 2022 йил 20 июнда Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувдаги нутқида ана шу моддани кенгайтириш, тўғридан-тўғри қўлланилувчи нормалар билан бойитиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берганини таъкидлади. Шу билан бирга янги таҳрирдаги норма Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган тегишли  мақсадларида вазифаларни конституциявий даражада кафолатлаш имконини беришини, шунингдек, халқаро меъёрий ҳужжатларга мослигини алоҳида қайд этди.  Мазкур норма ижтимоий давлатнинг инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги муҳим ҳуқуқий кафолати,  “Инсон қадри учун” ғоясининг тўла рўёбга чиқиши учун хизмат қилишини  айтиб  ўтди.

Сўзга чиққанлар янги нормаларнинг киритилиши халқпарвар давлат барпо этилишида асосий омил бўлиши тўғрисида сўз юритдилар. 

Мулоқот иштирокчилари конституциявий қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашини маълум қилдилар.

  • Кўрилди
    567
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+