Ўзбекистон глобал тараққиёт борасида амалий шерикликни ривожлантиришда ташаббускор

28.06.2022, 10:18

Ўзбекистон глобал тараққиёт борасида амалий шерикликни ривожлантиришда ташаббускор

Таҳликали дунёда яшаяпмиз. Ҳамма мамлакатларда ҳам баркақрор иқтисодий тараққиётни таъминлаш имконияти йўқ. Қолаверса, сиёсий қарама-қаршилик, урушлар, глобал инқироз ва пандемия каби ҳолатлар барқарор ривожланишда кўплаб муаммоларни юзага келтирмоқда. Бу муаммоларни фақат ҳамкорлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва иқтисодий шериклик асосида енгиб ўтиш мумкин. Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан “БРИКС плюс” форматидаги Глобал тараққиёт масалалари бўйича юқори даражадаги мулоқотда иштирок этишининг аҳамияти ниҳоятда катта.

Хитой томони раислигида ўтган онлайн форумда дунёнинг 18 мамлакатидан давлат ва ҳукумат раҳбарлари қатнашди. Унда хавфсизлик ва барқарорлик борасидаги кўп томонлама ҳамкорлик, савдо ва инвестициялар, “яшил” иқтисодиёт, юқори технологиялар ва инновациялар, рақамлаштириш, транспорт ва логистика, экология, гуманитар соҳаларда амалий шерикликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида “БРИКС плюс” форматидаги мулоқотнинг Барқарор ривожланиш кун тартибини илгари суришда инклюзив шериклик учун зарур платформа сифатида алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлаб ўтди. Иштирокчиларнинг эътибори “Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун” деган тамойил асосида ислоҳотларни амалга оширишни изчил давом эттираётган Янги Ўзбекистон бундай шароитда кенг кўламли ҳамкорлик ва  шериклик учун очиқ эканига қаратилди.

Ўзбекистон Президенти транспорт-коммуникациялар соҳасидаги боғлиқликни кучайтириш ҳамда “Шимол – Жануб” ва “Ғарб – Шарқ” трансконтинентал йўналишларига минтақамизни жалб этиш ташаббусини илгари сурди. Камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳасида дастурларни амалга ошириш, иқлим ўзгаришлари ва инсон салоҳиятини ривожлантириш бўйича кўп томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш шерикликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида кўрсатиб ўтилди. Мамлакатимиз Университетлар лигаси ва Тармоқли университет каби БРИКС дастурларида иштирок этишдан, шунингдек, профессионал таълим ва ёшларга доир сиёсат соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор экани таъкидланди.

Ўзбекистон томони Шанхай ҳамкорлик ташкилоти раиси сифатида БРИКС ва ШҲТнинг ўзаро амалий ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқишни ҳам таклиф этди.

Умуман олганда, Президентимиз раҳномалигида Ўзбекистон билан дунёдаги кўплаб мамлакатлар ўртасида дўстона ҳамкорлик йўлга қўйилгани ва бу борада янги-янги лойиҳалар устида иш олиб борилаётгани  мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилишига шак-шубҳа йўқ. Бинобарин, Янги Ўзбекистоннинг барқарор истиқболини яратишда дунё давлатлари билан кенг кўламли ҳамкорликнинг аҳамияти ниҳоятда катта.

Ҳазратқул Хўжамқулов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    254
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+