Бўш турган биноларга нисбатан юқори солиқ ставкасини белгилаш бекор қилинди

29.06.2022, 17:55

Бўш турган биноларга нисбатан юқори солиқ  ставкасини белгилаш бекор қилинди

Солиқ тизимида ислоҳотларни амалга оширмай туриб эртанги кунимизни, фаровон жамият қуришни тасаввур қилиш мушкул. Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимиз солиқ маъмуриятчилиги тубдан ислоҳ қилинмоқда.

Мақсад аниқ, солиқлар юкини камайтириб, одамлар даромадини ошириш, пировардида ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлашдан иборат. Боиси, солиқ қанча кам бўлса, тадбиркорлар эмин-эркин, самарали фаолият юритади, ҳалол меҳнат қилиб, янги иш ўринлари яратади. Иш ўрни бор жойда фаровонлик бўлади.

Тараққиёт стратегиясида бу борадаги ислоҳотларни давом эттириб, солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш вазифалари белгиланган. Хусусан, 2026 йилга бориб тадбиркорлик субъектларига солиқ юкламасини ялпи ички маҳсулотнинг 27,5 фоизидан 25 фоизи даражасига камайтириш мақсад қилинган.

Президентимизнинг жорий йил 28 июндаги “Солиқ маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш даврида бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони миллий иқтисодиётимизни янада ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга хизмат қилиши шубҳасиз.

 Фармонга мувофиқ, жорий йил 1 июлдан  бўш турган бинолар, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, шунингдек, тугалланмаган қурилиш объектларига ҳамда ушбу объектлар билан банд бўлган ер участкаларига нисбатан мол-мулк ва ер солиқларининг оширилган ставкаларини қўллаш, солиқ имтиёзлари ва преференцияларнинг амал қилишини тўхтатиш тартиби бекор қилинди.

2023 йил 1 мартга қадар ҳисобварақ-фактураларда ёки назорат-касса техникаси чекларида олинган товарлар (хизматлар) номенклатурасига ёхуд фаолиятнинг ўзига хос хусусиятларига ва амалга ошириладиган турларига мувофиқ бўлмаган идентификация кодларини акс эттирганлик учун молиявий жарима солинмайди.

Энг муҳими, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан асосий воситалар, номоддий активлар ва товар-моддий ресурсларни ҳисобга олиш ҳамда ўз устав фондини шакллантириш ва камайтириш билан боғлиқ барча операцияларни солиқ органларининг “Е-актив” ахборот тизимида акс эттириш ихтиёрий ҳисобланади.

Фармонда белгилаб қўйилганидек, жорий йил 1 июлдан бошлаб мажбурий равишда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида эътироф этиладиган тадбиркорлик субъектларига қўшилган қиймат солиғи бўйича махсус рўйхатдан ўтказилгани тўғрисида гувоҳнома  солиқ хавфи даражасига аниқлик киритилмасдан туриб автоматик равишда берилади.

Мазкур ҳужжатда назарда тутилган устувор вазифалар солиқ қонунчилиги талабларини енгиллаштириш ҳамда солиқ маъмуриятчилигининг янги воситаларини самарали жорий этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали тадбиркорлик субъектларининг солиқ юкини камайтириш ва бизнес юритишни соддалаштиришга хизмат қилади, десак муболаға бўлмайди. Бундай имтиёз ва имкониятлар  тадбиркорликни ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.   

Шу нуқтаи назардан, биз халқ вакиллари солиқ тизимида рўй бераётган ўзгаришларни тадбиркорларга содда ва халқчил тилда тушунтиришда, айниқса, ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини аҳоли орасига кенг тарғиб қилиш, ижросини ўз вақтида таъминлашда фаол бўлишимиз керак.

Ботирбек ТЎРАЗОДА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    436
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+