Янги Ўзбекистонга янги конституция керак!

30.06.2022, 16:45

Янги Ўзбекистонга янги конституция керак!

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Тошкент давлат маданият ва санъат институтида “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган мулоқот бўлиб ўтди. Талабалар, ўқитувчилар, депутатлар,  маҳаллалар фаоллари, турли соҳалар вакиллари қатнашган тадбир ўзаро фикр алмашинувлар, савол-жавоблар тарзида кечгани эътиборга молик.  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O'zLiDeP фракцияси аъзоси Дилором Файзиева, O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарати раҳбари Жамолиддин Мелибоев ўз чиқишларида конституциявий ислоҳотлар зарурати, Асосий қонунимизга киритилаётган ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти, партиянинг мазкур жараёнлардаги иштироки хусусида атрофлича сўз юритдилар.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида илгари сурилаётган моҳиятан мутлақо янги даражадаги вазифалар, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ўз аксини топган кенг кўламли мақсадлар уларга мос конституциявий-ҳуқуқий маконни яратишни зарурат қилиб қўйяпти. Халқимиз учун янги ҳаётий марраларни ўзида акс эттирган, такомиллашган  конституцияни қабул қилиш ислоҳотларнинг тақдирини ҳал қилувчи муҳим вазифадир.

Бош қонунимизга таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар “инсон – жамият – давлат” принципига асосланган бўлиб, миллий конституциявий ўзликни акс эттиради. Конституциянинг олтмишдан ортиқ моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Унда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш каби кўплаб нормалар белгиланмоқда.  

O'zLiDeP бу жараёнда ғоят фаол қатнашиб, махсус тадбирлар ташкил қилгани,  Конституциявий комиссияга 3 мингга яқин аниқ, асосли таклифлар тақдим қилгани ҳам қайд этилди.    

Сўзга чиққан иштирокчилар, шунингдек, кейинги йилларда мамлакатимиз ҳаёти, тақдирига дахлдор муҳим масалаларнинг барчаси халқ билан бамаслаҳат, очиқ-ошкора муҳокама қилинаётгани,  хусусан, Конституция ислоҳ қилинишида ҳам халқ фикрига таянилаётгани, билдирилган ҳар бир таклиф, мулоҳаза инобатга олинаётганини миннатдорлик билан тилга олдилар.

Мулоқот иштирокчилари конститутциявий қонун лойиҳасини қўллаб-қувватладилар.

  • Кўрилди
    436
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+