Пенсиялар, нафақалар энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлмайди

01.07.2022, 15:58

Пенсиялар, нафақалар энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлмайди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Хўжаеванинг фарғоналик сайловчилар билан учрашуви ғоят самарали кечди.

Мулоқотлар давомида М.Ходжаева Президентимизнинг жорий йил 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувида илгари сурган таклиф ва ташаббуслари ҳамда конституциявий ислоҳот жараёнлари ҳақида маълумот берди.

Қайд этилганидек, таклиф этилаётган қонун лойиҳасида фуқароларнинг меҳнат, ижтимоий ва экологик ҳуқуқларини, шу жумладан аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ҳуқуқларини конституциявий жиҳатдан кафолатлашни кучайтиришга оид нормалар акс этган.

– Конституциявий қонун лойиҳасида давлат аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёти сифатини оширишга, улар учун жамият ҳаётида бошқа фуқаролар билан тенг равишда иштирок этиш ва ўзининг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини яратишга қаратилган чора-тадбирлар кўриши белгилаб қўйилмоқда, – дейди Қонунчилик палатаси депутати М.Хўжаева. – Шунингдек, пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг бошқа турлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлиши мумкин эмаслиги мустаҳкамланмоқда.

Тадбирда қонун лойиҳаси билан хотин-қизларни ишга қабул қилишни рад этиш, уларни ҳомиладорлиги ёки болалари борлиги билан боғлиқ асосларга кўра ишдан бўшатиши тақиқланаётгани, болалар меҳнатининг мажбурий ва бошқа энг ёмон шаклларидан фойдаланиш қонунга биноан жавобгарликга сабаб бўлиши қайд этилди.

Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқотда иштирокчилар қонун лойиҳаси юзасидан ўз таклифларини билдирди.

  • Кўрилди
    341
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+