Конституция – бахтимиз қомуси, тараққиётимиз пойдевори

01.07.2022, 16:00

Конституция – бахтимиз қомуси, тараққиётимиз пойдевори

Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда жойларда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида ўтказилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари В.Муродқобилов ва Ш.Бўроновлар иштирок этди.

Тадбирда Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, унга киритилаётган ўзгартишлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 66 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритишни назарда тутади. Бу ўзгартишлар “инсон – жамият – давлат” принципига асосланган бўлиб, миллий конституциявий ўзликни акс эттиради.

Энг муҳими, конституциявий тузатишлар, биринчи навбатда, жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб бўлган фуқароларнинг муайян шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини кафолатли тарзда таъминлашга, ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларга айланади.

– Қонун лойиҳасида ҳар ким турар жойининг дахлсизлиги ҳуқуқига эгалиги, ундан маҳрум этишга фақат суднинг қарорига биноан йўл қўйилиши белгиланмоқда, – дейди Қонунчилик палатаси депутати В.Муродқобилов. – Шунингдек, ҳар ким ўз шахсини эркин ривожлантириш, қонунда тақиқланмаган ҳамда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузмайдиган барча ишни амалга ошириш ҳуқуқига эга эканлиги назарда тутиляпти.

Тадбирда Конституциявий қонун лойиҳасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш, тиббий хизмат ва таълим сифатини тубдан яхшилашга доир нормалар ҳам акс этгани таъкидланди.

Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан маҳаллий кенгаш депутатлари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

  • Кўрилди
    333
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+