Ёшларни янада қўллаб-қувватлаш бўйича Президентимиз баён этган вазифалар бажарилишига кўмаклашамиз
01.07.2022, 18:11

Ўзбекистон - ёшлар мамлакати. Мамлакатимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан зиёд. Бу аҳолининг қарийб 55 фоизини ташкил этади. Аён бўляптики, юртимизнинг жадал ривожланиши, юксак мақсадларга эришиш, халқимизнинг фаровон бўлиши ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражаси билан чамбарчас боғлиқ. Кейинги олти йилда бу борада жуда катта, қамровдор ишлар амалга оширилди. Истеъдодли ёшларимиз кейинги бир йил ичида халқаро фан олимпиадаларида 255 та медални қўлга киритгани, жорий йилда спортчи ёшларимиз халқаро мусобақаларда 419 та совринли ўринларни эгаллагани ҳам ана шу оқилона сиёсат маҳсулидир.
Кеча Президентимизнинг Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини тинглаб, мамлакатимизда навқирон авлод вакилларини ҳар томонлама етук, янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларда фаол қатнашувчи комил шахслар сифатида тарбиялашга, иқтидори, салоҳиятини тўла рўёбга чиқаришга қаратилган ишлар эндиликда янада кенгроқ миқёс касб этиши, сифат жиҳатдан янги поғонага кўтарилишига амин бўлдик.
“Энг аввало, ёшларимизнинг замонавий касб ва билимларни эгаллаш имкониятларини кенгайтирамиз”, деди давлатимиз раҳбари. Шу мақсадда 14-17 ёш оралиғидаги 3 миллион нафарга яқин ўғил-қизларимизга ҳам “Ёшлар дафтари”да кўзда тутилган имтиёз ва енгилликлардан фойдаланиш имконияти яратилади. Хусусан, унда назарда тутилган имтиёзлар амалдаги 11 тадан 25 тага кўпайтирилади. Ушбу дафтарга киритилганларга замонавий касблар, ахборот технологиялари ва хорижий тилларни ўрганиши учун ҳар ойда 1 миллион 200 минг сўмдан субсидия берилади.
Биламизки, айни шу ёшда ўсмирлар шахс, жамиятнинг бир аъзоси сифатида шаклланади, орзулари сари интила бошлайди ҳамда моддий ва маънавий мададга катта эҳтиёж сезади. Шу маънода Президентимизнинг мазкур ташаббуси эътибор ва эътирофга лойиқ. Шунингдек, ёшларга илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги тўгараклар учун 6 ой давомида 300 минг сўмдан пул тўланади. Уларга ушбу йўналишлар бўйича маҳаллий олимпиадаларда қатнашиш харажатлари учун – 1 миллион 200 минг сўмдан, нуфузли халқаро олимпиадалар учун – 12 миллион сўмдан маблағ ажратилади.
Президентимиз ёшларимизнинг ўқиб-ўрганиши, баркамол инсонлар бўлиб вояга етишлари учун катта имкониятлар яратадиган бошқа енгилликлар, имтиёзларни ҳам тилга олди. Албатта, бундай хайрли ишларни амалга ошириш учун йирик маблағлар зарур. Лекин фарзандлар камолоти учун маблағлар аялмаяпти, керакли барча ресурслар жалб қилиняпти. Бу эса мамлакатимиз раҳбари ана шундай харажатларни харажат эмас, балки келажак учун йўналтирилган энг самарали сармоя, ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш давлатимиз истиқболини белгилаб берадиган муҳим омил, деб ҳисоблашидан дарак беради.
Президентимиз томонидан баён қилинган, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар, вазифалар партия зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Барча бўғинлардаги тузилмаларимиз, фаолларимиз бир ёқадан бош чиқариб, белгиланган вазифалар ижроси таъминланишига кўмаклашиши, вазифалар бажарилиши юзасидан жамоатчилик, депутатлик назоратини амалга ошириши зарур.
Сардор Ғиёсов,
O'zLIDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси
раиси ўринбосари,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
Ўхшаш янгиликлар
-
Фақат соғлом ва баркамол миллатгина буюк ишларга қодир бўлади
02.06.2023, 16:59
-
Ўзбекистон ва Сингапур ҳамкорлиги кенгаймоқда
24.05.2023, 22:17
-
Халқ манфаатлари қонунларда акс этмоқда
22.05.2023, 19:09
-
Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлиги ривожида янги давр бошланмоқда
20.05.2023, 13:11
-
Дунё сармоядорларининг Самарқанддаги мулоқоти
19.05.2023, 16:31
Фикрингизни қолдиринг