Халқларимиз бирлигини ҳеч ким ва ҳеч қандай куч бузолмайди

04.07.2022, 16:24

Халқларимиз  бирлигини ҳеч ким ва ҳеч қандай куч бузолмайди

Биз ҳам бутун мамлакатимиз аҳли билан бирга қондош ва қардош Қорақалпоғистон Республикасида содир бўлган кўнгилсиз воқеалардан чуқур ташвишга тушганимизни маълум қиламиз. Айниқса юртимизнинг барча ҳудудларида катта сиёсий жараён, яъни Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича умумхалқ муҳокамаси давом этаётган бир пайтда бундай хавотирли вазиятнинг юзага келиши барчамизни янада ҳушёрлик ва узоқни кўзлаб, ақл билан иш тутишимиз лозимлигини кўрсатмоқда. Албатта конституциявий ислоҳотлар давр талаби эканлиги билан бир қаторда миллати, дини, эътиқодидан қатъи назар Ўзбекистонда яшаётган барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини янада мустаҳкамлаш, энг асосий ҳаёт тамойилига айланаётган “инсон қадри учун” деган эзгу ғояни амалда қарор топтиришга қаратилганлиги билан эътиборга моликдир.

Тасдиқланган расмий маълумотларга кўра тартибсизликларда қатнашган айрим кимсалар 1 ва 2 июль кунлари айрим фуқароларнинг соддалиги ва ишончини суиистеъмол қилиб, ҳокимият, ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмай, Қорақалпоғистон республикаси пойтахти Нукус шаҳридаги асосий кўчаларда бузғунчилик ишларини давом эттиришган. Ҳатто ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан тўқнашувларни келтириб чиқаришга, қўриқланадиган ҳудудларга зўравонлик билан бостириб киришга уринганлиги ва айрим инфратузилма объектларига сезиларли даражада зарар етказишгани маълум бўлди. Янада ташвишланарли ҳолатлардан бири бир нечта гуруҳлар қурол-яроғларни қўлга киритиш мақсадида Нукус шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва Миллий гвардия бошқармаси биноларини эгаллашга уринишганлиги, ҳаттоки, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига ҳужум қилиб, уларни аёвсиз калтаклаб, оғир тан жароҳатлари етказишганини қандай изоҳлаш мумкин?

Бу ноқонуний хатти-ҳаракатларни онгли равишда баҳолайдиган бўлсак, ушбу бузғунчи кучлар аниқ мақсадни кўзлаб, фуқароларни Конституцияга хилоф иш тутган ҳолда, жамиятни бўлиб юбориш, мамлакатдаги тинч-осойишталик муҳитига рахна солиб, мавжуд ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқаришган уриндилар.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташвишли воқеалар содир бўлган кунлари икки марта Қорақалпоғистонга ташриф буюриб, мамлакат Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича муҳокамалар жараёни давом этаётганлигини инобатга олган ҳолда, қорақалпоғистонлик томонидан билдирилаётган таклиф ва фикрларни ўрганиш асосида Жўқорғи Кенгес депутатлари, фидойи нуронийлар ва ҳудуд фаоллари билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда, ўзгартирмасдан қолдиришни таклиф этди. Бу, узоқни кўзлаб қабул қилинган оқилона қарор бутун Оролбўйи аҳлини қувонтириб юборди. 

 Давлатимиз раҳбарининг ўз вақтида принципиал ва қатъиятлилик билан жуда қалтис вазиятда одилона йўл тутганлиги бугунги кунда бутун дунёда  эътироф этилмоқда.

Шу муносабат билан O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши  Ижроия қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракция аъзолари, фаоллар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги қардошлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат, азалий қондошлик, дўстлик ришталаримизни асраб-авайлаш йўлидаги ушбу хайрли саъй-ҳаракатларини тўла қўллаб-қувватлаймиз. Бу бугунгина бўлиб ўтган O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши  Ижроия қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракция аъзолари йиғилишида яна бир таъкидлаб ўтилди.

“Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси эълон қилиниб, айни кунларда умумхалқ муҳокамасидан ўтаётганлигини, айниқса бу масъулиятли  жараёнда партиямизнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги фаоллари ҳам муносиб иштирок этаётганликларини алоҳида таъкидлашни истардик. Бу эса давлатимиз раҳбарининг “Конституциянинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи Халқ ”, деган қанотбахш даъватига тўла мос келади ва ишонч билан айта оламизки, O’zLiDeP ҳам бошқа сиёсий кучлар, кенг жамоатчилик билан бамаслаҳат, келишиб, кенгашиб, ушбу оммавий тадбирда фаол қатнашади.

Партиямизнинг фаол аъзолари анъанага кўра кўпроқ оддий одамлар, айниқса эртанги кунимиз эгалари ёшлар, хотин-қизлар орасида содир бўлган нохуш воқеалардан тўғри хулоса чиқариш, шунингдек, сепаратизм, миллатчилик, маҳаллийчилик каби салбий иллатларга қарши курашда амалдаги қонунчиликка қатъий риоя этилишини таъминлайдиган тегишли идоралар билан ҳамкорликда тарғибот ишларини кучайтиради.

Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгес депутатларига мурожаатида таъкидланганидек, кейинги беш йил ичида айнан республиканинг маҳаллий бюджетига қарийб 11 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Аҳолини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш бўйича муҳим дастурлар изчил амалга оширилмоқда. Ўнлаб янги ишлаб чиқариш қувватлари, замонавий агрокластерлар, қўшма корхоналар ишга туширилди. Республикада минглаб янги объектлар барпо этилди, реконструкция қилинди ва таъмирланди. Жумладан, кўплаб болалар боғчалари, умумтаълим ва ихтисослашган мактаблар, олийгоҳлар, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва спорт масканлари фойдаланишга топширилди.

Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида Қорақалпоғистон Республикасида ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш, аҳолини электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви билан таъминлаш, ирригация ва мелиорация тармоқлари ҳолатини яхшилаш бўйича кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилмоқда...

Ўйлаймизки, ҳали улкан бунёдкорлик ишлари олдинда. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, Қорақалпоғистоннинг тақдири – бу Ўзбекистоннинг тақдири, қорақалпоқ халқининг бахти ва фаровонлиги – бу бутун ўзбек халқининг бахти ва фаровонлигидир.

Биз Оролбўйи минтақасини гўзал, обод, гуллаб-яшнаган манзилга айлантириш йўлида мардона меҳнат қилаётган лафзи ҳалол, меҳнаткаш, оқкўнгил ва бағрикенг қорақалпоқ халқи билан елкадош, ҳамфикр, бирдамликда, ягона мақсад билан янги Ўзбекистон ва янги Қорақалпоғистонни барпо этамиз. Бу шарафли йўлда барчангизга Яратгандан куч-қувват, оғзибирчилик тилаймиз!

  • Кўрилди
    1417
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+