Ижтимоий давлат: ҳаётимиз фаровонлиги сари дадил қадам

05.07.2022, 09:57

Ижтимоий давлат: ҳаётимиз фаровонлиги сари дадил қадам

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда долзарб ва аниқ таклифлар, амалий ташаббусларни илгари сурди. Айниқса, Конституциямизда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат”, деган тамойилни мустаҳкамлаш таклиф этилдики, бу энг тўғри қарор бўлди.

Нега десангиз, “Инсон қадри” тушунчаси “Ижтимоий давлат” тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, ушбу ғоянинг туб негизида, аввало, инсон қадрини улуғлаш, аҳолига хизмат қилишдек олижаноб мақсад мужассам.

Ижтимоий давлат ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат тамойиллари асосида муносиб яшаш шароитларини яратиб беради. У ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш бўйича самарали сиёсат олиб борадиган давлат модели.

Шунингдек, ижтимоий давлат муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйилишини назарда тутади. Шахс ва унинг оиласи муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, камбағалликни қисқартиришни талаб қилади.

Мамлакатимизда кейинги йилларда аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, бандликни таъминлаш, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, барча учун тенг имкониятлар яратиш, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида ҳам ана шундай эзгу мақсад мужассам.

Шу кунларда мамлакатимизда умумхалқ муҳокамасида бўлиб турган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳасида аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлами манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор нормалар ўз ифодасини топган.

Хусусан, амалда Конституциямизнинг 37-моддасига қўшимчалар киритилиб, “Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситилишларсиз ва белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга”лиги белгиланмоқда.

Бу, бежиз эмас, албатта. Сабаби Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (27-модда), Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (11-модда), Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини ўрнатиш тартиб-таомилларини яратиш бўйича 1928 йилдаги, Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилаш бўйича 1970 йилдаги конвенциялар талабларига асосан, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини Конституциямизда акс эттириш зарурати келиб чиқаётган эди.

Шу боис, қонун лойиҳасининг 37-моддасига “Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласи яшаши учун етарли бўлиши кераклиги” тўғрисида қўшимча норма киритилаётгани айни муддао бўлди. Жумладан, ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади. Ҳар бир ишловчи аёл ҳомиладор бўлган тақдирда ва туғиш даврида ҳақ тўланадиган, янги туғилган чақалоқни парвариш қилиш учун ёки болани фарзандликка олиш учун таътилга чиқиш ҳуқуқига эгалиги назарда тутилмоқда.

Амалдаги Конституциямизнинг 38-моддасига эса, ёлланиб ишлаётган фуқаролар дам олиш ҳуқуқига, дам олиш ва байрам кунлари, ҳақ тўланадиган ҳар йилги таътилга чиқиш ҳуқуқига эгалиги тўғрисида янги банд қўшилмоқда. Бу ҳам ёлланиб ишлаётган кўплаб фуқароларимизни ўйлантираётган масаланинг Конституция даражасидаги ечими бўлади, десак янглишмаймиз. Ушбу қўшимча билан нафақат ёлланиб ишлаётганлар, балки барча шахслар дам олиш ҳуқуқига эгалиги кўрсатилмоқда. Мазкур моддада ходимларга нафақат меҳнат таътили бериш, шунингдек, иш вақтининг давомийлиги, дам олиш ва байрам кунлари ҳам қонунларда аниқ белгилаб қўйилиши кўрсатиляпти. Бундай нормалар ходимларнинг дам олиш ва меҳнат қилиш ҳуқуқларини кафолатлашга хизмат қилади.

Сир эмаски, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 25-моддасида “Ҳар бир инсон ўзининг ҳамда оиласининг саломатлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун зарур бўлган турмуш даражасига эга бўлиш, жумладан, кийим-кечак, озиқ-овқат, тиббий хизмат ва зарур ижтимоий хизматга эга бўлишга ҳамда ишсизлик, касаллик, ногиронлик, бевалик, қарилик ёки унга боғлиқ бўлмаган шароитларга кўра тирикчилик учун маблағ бўлмай қолган бошқа ҳолларда таъминланиш ҳуқуқига эга”лиги белгиланган. Шу ва кўплаб фуқароларимизнинг таклифига кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига ёрдам бериш ҳамда ҳар бир шахснинг ҳаёт сифати ва даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилишини Асосий қонунимизда мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқдир.

Шундан келиб чиқиб, Конституциямиз 39-моддасида пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдамнинг бошқа турлари миқдори расман белгилаб қўйилган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги ҳамда давлат ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиши, пенсиялар, нафақалар ва ижтимоий ёрдамнинг бошқа турларини белгилаш, ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд ва кам таъминланган, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларни қонунда белгиланган тартибда уй-жой билан таъминлаш каби нормалар киритилиши ижтимоий ҳимояни янада кучайтиришга муҳим асос бўлади, дейиш мумкин.

Эътиборли томони, 39-моддага ногиронлиги бор шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган нормалар киритилиши ҳам халқимиз дилидаги иш бўлди. Масалан, мазкур моддада давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш учун зарур шароитларни яратиши, уларга нисбатан ҳар қандай ажратиб қўйиш, ҳисобга олмаслик, четлатиш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишдан бўйин товлаш тақиқланиши белгилаб қўйилмоқда.

Жорий йил 25 июндан 5 июлга қадар умумхалқ муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти республикамизнинг барча ҳудудларида кенг тарғиб қилинмоқда. Бу жараёнда Қонунчилик палатаси депутатлари Конституциявий қонун лойиҳасини аҳолига етказишда фаоллик кўрсатяпти.

Хусусан, Фарғона вилоятида Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган турли учрашувлар ўтказилиб, уларда кенг жамоатчилик вакиллари томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар инобатга олинмоқда.

Албатта, юртимизда олиб борилаётган инсонпарвар сиёсатнинг асосий мақсади аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши учун зарур бўлган барча шарт-шароит ҳамда қулайликларни яратишдан иборат.

Бир сўз билан айтганда, халқимиз фаровонлиги ва Ватанимиз равнақининг ҳуқуқий асосини ташкил этувчи Конституциямиз юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро, оила тақдирида, уларнинг бугунги ҳаёти, эртанги келажагини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши керак. Демак, ҳаммамиз бугунги ва эртанги фаровон келажагимиз учун муҳокама жараёнида ўз таклифларимиз билан фаол иштирок этишимиз лозим.

Мавлуда ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    434
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+