Ортиқча овогарчиликларнинг олди олинади

06.07.2022, 15:06

Ортиқча овогарчиликларнинг олди олинади

Бугунги кунда никоҳ тузиш никоҳланувчилар Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФХДЁ) органларига ариза берганидан сўнг бир ой ўтгач амалга оширилади. Фақат алоҳида ҳолларда ва узрли сабаблар мавжуд бўлганда ушбу муддатни қисқартиришга йўл қўйилади.

Бундай ҳолатлар қонунларда аниқ белгилаб берилмагани сабабли амалиётда бу талаб турлича талқин қилиб келинган ва никоҳ муддати турли асосларга кўра қисқартирилган. Никоҳдан ўтиш учун бир ойлик муддат белгилангани, бу муддатни қисқартириш бир мунча расмиятчиликлар билан боғлиқ эканлиги эса кўпчиликнинг никоҳ тузмасдан оила қуришига сабаб бўлмоқда. Натижада юридик жиҳатдан оталикни белгилаш ишларининг сони ҳам ошиб боряпти.

Бу ўз навбатида, жамиятда ўзгаришлар ва глобаллашув жараёнлари туфайли қонун ҳужжатларини давр ва замонга мослаштириш, фуқароларнинг талаб ва истакларини инобатга олишни тақозо этмоқда. Қолаверса, 1998 йилда қабул қилинган ҳамда бевосита ФХДЁ органлари соҳасини тартибга солувчи Оила кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга эҳтиёж сезилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ФҲДЁ органларида оила қуриш жараёнини янада такомиллаштириш, коррупциявий омилларнинг олдини олиш, никоҳланувчи шахсларга қулайликлар яратиш ва никоҳни ўз вақтида қонуний расмийлаштириш орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Ушбу ҳужжатда никоҳ тузиш учун талаб этиладиган бир ойлик муддатни бекор қилиб, тиббий кўрик якунлари бўйича никоҳни қайд этиш, шунингдек никоҳланувчи шахслар эллик ёшдан ошган бўлса ёки никоҳланувчи шахслар ўртасида фарзанд бўлса ёхуд аёл никоҳланувчи шахсдан ҳомиладор бўлган ҳолларда, тиббий кўрикдан ўтишни ихтиёрий этиб белгилаш назарда тутилгани юқоридаги каби низоли ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.    

Лойиҳада таклиф этилаётган янги нормалар никоҳни қайд этиш тартибини янада соддалаштиришга, никоҳланувчи шахсларга қўшимча қулайликлар яратишга ҳамда никоҳни ўз вақтида қонуний расмийлаштириш орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, шунингдек ортиқча расмиятчиликларнинг ҳамда коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган.

Амалдаги Оила кодексига кўра, никоҳланувчилар ФҲДЁ органларига ариза берганларидан кейин 1 ой ўтгач, уларнинг никоҳи қайд қилинади. Ушбу вақт давомида никоҳланувчилар мажбурий тиббий кўрикдан ўтишади.

Алоҳида ҳолларда ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги бўлган ва бошқа ҳолатларда ушбу муддатдан олдин рухсат берилиши мумкин. Ушбу муддатни қисқартириш учун асос бўлувчи ҳолатлар аниқ белгиланмагани сабабли қонун нормаси амалиётда турлича қўлланилмоқда.

Хусусан, никоҳдан ўтиш учун ФҲДЁ органларига 2021 йилда 311  мингдан ортиқ ариза берилган. Шундан, 5,8 мингга яқин аризалар бўйича 3 ой давомида турли сабабларга кўра никоҳ қайд этилмаган бўлса, 2021 йилда 305 мингдан ортиқ никоҳларнинг 50 мингга яқини бир ойлик муддат қисқартирилган ҳолда қайд этилган. 23 мингта ҳомиладорлик, 15 мингта бола туғилганлиги учун ҳамда 12 мингта никоҳ касаллик, хизмат сафари ва бошқа сабабларга кўра бир ойлик муддат қисқартирилган.

Соҳада амалга оширилаётган ишларга қарамай, никоҳни қайд қилишнинг 1 ойлик муддатини турли асоссиз, яъни никоҳланувчиларнинг қариндоши бўлмаган шахсларнинг касаллиги ҳақидаги белгиланган тартибда тасдиқланмаган маълумотномалар, келиннинг ҳомиладорлиги аниқ бўлмаган маълумот (УЗИ хулосаси), хусусий корхонанинг хизмат сафари ҳақидаги буйруғи, никоҳланувчиларнинг умумий фарзандлари бўлмаган болаларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари ва бошқа сабабларга кўра қисқартириш, фуқаролар томонидан ФҲДЁ органларига сохта тиббий маълумотномалар тақдим этиш каби салбий ҳолатлар учраб турибди.

Натижада болага нисбатан оталик белгилаш ҳолатлари йилдан-йилга ортиб боряпти. Жумладан, 2020 йилда 49 мингга яқин оталик белгиланган бўлса, 2021 йилда ушбу кўрсаткич 56 мингдан ортиқни ташкил этган.

Шу сабабли мазкур қонун лойиҳаси билан Оила кодексининг 13, 17 ва 212-моддаларига ўзгартишлар киритилди. Масалан, никоҳни қайд этишнинг бир ойлик муддати ва уни қисқартириш учун асос бўлувчи ҳолатлар бекор қилинди, никоҳни никоҳланувчи шахслар мажбурий тиббий кўрикдан ўтганларидан сўнг расмийлаштириш тартиби белгиланди.

Шунингдек, лойиҳа никоҳни қайд қилишнинг бир ойлик муддатини бекор қилишга қаратилган бўлиб, мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш тартиби ва шартларига ўзгартиришлар киритилмаган. Шу боис, лойиҳада эллик ёшдан ошган ёки ўртада боласи (болалари) бўлган никоҳланувчи шахслар, шунингдек ҳомиладор аёл ва унинг туғилажак боласини ўз боласи деб тан олувчи шахс учун тиббий кўрикдан ўтиш ихтиёрийлиги белгилаб қўйилди.

Сир эмаски, амалиётда аксарият никоҳланувчилар оила қуриш тўғрисидаги қарорни анча олдин қабул қилиб, никоҳни расмийлаштириш мақсадида ФҲДЁ органларига мурожаат қилишади. Биргина 2021 йилда мажбурий тиббий кўрик натижасида 3 минг 40 нафар келин ёки куёвда касаллик аниқланган бўлсада, лекин уларнинг розилиги билан никоҳлари қайд этилган.

Президентимиз шу йил 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда оила масаласига тўхталиб, Бош қомусимизда оила институтининг конституциявий асосларини ривожлантириш мақсадида “оила аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилиги асосида шаклланиши”, жамиятнинг табиий ва таянч бўғини, жамият ва давлатнинг алоҳида ҳимоясида эканини мустаҳкамлаб қўйишни таклиф этди. Бу ниҳоятда ўринли ташаббус бўлиб, минглаб юртдошларимизнинг айни дилидаги гап бўлди.

Бу борада давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун зарур ижтимоий ва иқтисодий шароитларни яратиши, кўп болали оилаларга қонунга мувофиқ имтиёз ва ижтимоий кафолатлар яратиб бериши мақсадга мувофиқдир. Фақат шундагина оиланинг иқтисодий ва маънавий асослари янада мустаҳкам бўлади, ёшлар бахтли, фаровон ҳаёт кечиради. Зотан, бу орқали ФҲДЁ ва соғлиқни сақлаш органларида ортиқча қоғозбозлик, бюрократия ва коррупциявий ҳолатлар бартараф этилади, оталик белгилаш ва шаръий никоҳ асосида яшаш ҳолатлари камаяди.

Мавлудахон ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    388
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+