Хизматлар соҳасини ривожлантириш учун солиқ имтиёзлари берилади

06.07.2022, 17:41

Хизматлар соҳасини ривожлантириш учун солиқ имтиёзлари берилади

Жорий йилнинг 6 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда депутатлар дастлаб “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди.

Таъкидланганидек, амалдаги қонунчиликка кўра пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлмаган миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи олинади.

Аммо пенсионернинг охирги ўн йиллик меҳнат фаолиятига оид бўлган даврлари учун суғурта бадаллари (ижтимоий солиқ) тўланган бўлса-да, бу даврлардаги, шунингдек, ўртача ойлик иш ҳақи миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлганда қолган сумманинг миқдори пенсия ҳисоблашда инобатга олинмайди.

Муҳокамалар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳаси юзасидан бир қатор таклифлар беришди. Ушбу ҳужжат иш ҳақининг миқдори, иш стажи ва пенсия миқдори ўртасидаги боғлиқликни таъминлаш орқали пенсия тизимида ижтимоий адолатни қарор топишига ёрдам беришини қайд этишди.

Депутатларнинг айтишича, мазкур тартибнинг жорий этилиши юқори иш ҳақи олган фуқароларга муносиб пенсияларни тайинлаш, уларнинг моддий фаровонлигини ошириш, ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Йиғилишда “Солиқ ва божхона қонунчилиги, шунингдек, солиқ ва божхона имтиёзларининг қўлланилишини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан мобиль алоқа хизматлари унун акциз солиғи ставкаси 15 фоиздан 10 фоизга тушурилади.

Шунингдек, хизматлар соҳасини ривожлантириш учун солиқ имтиёзлари берилиб, алоҳида солиқ режими жорий этилади. Энг муҳими, хотин-қизларнинг бандлигини ошириш мақсадида меҳнат ресурслари зич бўлган қишлоқ жойларнинг реестрига киритилган ҳудудлардаги тадбиркорлик субъектларига ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида ўрнатилади.

Йиғилишда қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилиниб, уни янада такомиллаштириш бўйича қатор таклифлар берилди. Савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда фракция ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

  • Кўрилди
    480
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+