Сайҳунободда биогомус ўғит-маҳсулотини етиштираётган ёш тадбиркор фаолияти билан ёшлар таништирилди

20.07.2022, 15:08

Сайҳунободда биогомус ўғит-маҳсулотини етиштираётган ёш тадбиркор фаолияти билан ёшлар таништирилди

Ёшларнинг навбатдаги манзили – Сайҳунобод туманида истиқомат қилувчи партия фаоли, ёш тадбиркор Дилмурод Абдураҳмоновнинг хонадонида тадбир ташкил қилинди. Тадбиркор Калифорния “қизил ёмғир чувалчанглари”дан биогомус ўғит-маҳсулотини етиштириш жараёни билан ёшларни таништирди.

Биогумус — гўнгдан тайёрланган сифатли органик ўғит бўлиб, қишлоқ хўжалик экинларининг барчасига қўллаш мумкин. Унинг таркибида 40-50 фоиз қуруқ органик масса, 10-12 фоиз гумус, 0,8-0,3 фоиз азот, 1,3-2,5 фоиз фосфор, 1,2-3,9 фоиз калий, 4,5-8,0 фоиз кальций ва бошқа микроэлементлар мавжуд.

Ёмғирдан кейин чувалчанглар органик массаларга ўрмалашиб, ер юзасига чиқади.

Маълумотларга кўра, заминимизда чувалчангнинг 4 турини учратиш мумкин. Фақат бир неча туригина боқиш учун яроқли. Чувалчанглар кўп уруғ ҳосил қилади, 20 та уруғдан 4-5 таси тирик қолади. Қизил Калифорния чувалчанги оддий «ёввойи» чувалчангга нисбатан жуда фаол ва серпуштдир. Агар унинг озуқаси етарли бўлса, уйини тарк этиб кетмайди. Узунлиги 99 миллиметргача, тана диаметри 3-5 миллиметр бўлиб, қулай шароитда ҳар 7 кунда уруғлайди. Уруғлагандан кейин (20 тагача) тухумли капсула қўяди ва 14-20 кундан сўнг янги авлод дунёга келади.

- Дастлаб Қўқон шаҳридан 3 кв.метр ҳажмда олиб келинган Калифорния “қизил ёмғир чувалчанглари” 24 кв.метр жойга биогомус ўғит-маҳсулотини етиштириш учун ёйиб чиқилган. Бунга 4,5 миллион сўм сарфланди, - деди тадбиркор Дилмурод Абдураҳмонов. - Уч нафар мавсумий ишчи ўрни яратиб, 8 ой мобайнида 62 млн.сўм соф даромад олганмиз. Бугунги кунда биогомус ишлаб чиқариш майдони ҳажми 150 кв.метрдан ортиқ бўлиб, йил якунига қадар 100 млн.сўм соф даромад олишни режа қилганмиз.

Тадбиркор келгусида ўз томорқасида ушбу фаолиятни янада кенгайтириб, шунинг баробарида 10 нафар доимий ишчи ўрни яратишни ният қилган. У ижтимоий тармоқда тадбиркорлик фаолиятини ёритувчи телеграмм канали ташкил этганлигини, мазкур канал орқали бугунги кунда қўшни туман ва маҳаллаларга ҳам сифатли биогомус маҳсулотини етказиб бераётганлигини қайд этди.

Тадбир якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга тадбиркор томонидан керакли жавоблар ва тавсиялар бериб ўтилди.

  • Кўрилди
    599
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+