Марказий Осиё давлатлари дўстлиги ва қардошлиги бардавом бўлади

21.07.2022, 17:06

Марказий Осиё давлатлари дўстлиги ва қардошлиги бардавом бўлади

Ҳамжиҳатликка не етсин. Айниқса бир-бири билан яқин қўшни, биродар ва тили, дини, урф-одатлари яқин мамлакатлар ўртасида дўстлик алоқалари мустаҳкамланса, бир-бирига дўстона қўл узатса, буни табриклаш керак. Мен аминманки, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон давлат раҳбарларининг Чўлпонотадаги тўртинчи маслаҳат учрашуви шу бешала мамлакат халқларини жуда қувонтирди. Ахир бу халқлар эт билан тирноқ, бир чинорнинг беш илдизи мисоли яшаб келяпти. Дунёда рўй бераётган глобал инқироз, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда мақсадсиз урушлар, келишмовчиликлар бу бешта иноқ давлат дўстлиги ҳамда қардошлигига раҳна солмаслиги лозим.

Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашувида Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлар экан, Марказий осиёнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини, изчил ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш бўйича мураккаб вазифаларни ҳал қилиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

Бу борада кўплаб тўсиқлар бартараф этилди, фуқароларимиз эркин ҳаракатланиши, фаол маданий ва туристик алмашинувлар амалга оширилиши учун шароитлар яратилди. Ўзаро савдо ва инвестицияларнинг ўсишига хизмат қилаётган қулай муҳит шакллантирилди. Минтақа мамлакатлари саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга киришди, самарали қўшилган қиймат занжирларини яратмоқда, транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантирмоқда.

Шу билан бирга давлатимиз раҳбари жаҳондаги мураккаб вазият минтақамизга ҳам бевосита таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Халқаро тартиботнинг оқибатларини прогноз қилиш оғир бўлган шиддатли трансформацияси кузатилмоқда. Дунё глобал миқёсда мулоқот ва ишонч тақчиллиги ортиб бораётганининг гувоҳи бўлмоқда. Жаҳон иқтисодиётидаги инқирозли ҳодисалар кучайгани натижасида мамлакатларимиз анъанавий логистика занжирлари узилиши муаммосига дуч келмоқда, инфляция импорти ортмоқда, озиқ-овқат ва энергетик хавфсизликка хатарлар каррасига кўпайди.

Саммит якунида XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш йўлидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланди. Давлат раҳбарлари Чўлпонота Маслаҳат учрашувининг қўшма баёноти, 2022-2024 йилларда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича йўл харитаси, “Марказий Осиё учун “Яшил кун тартиби” минтақавий дастури ҳамда Марказий Осиё давлатларининг кўп томонлама форматлар доирасидаги ҳамкорлиги концепциясини қабул қилдилар.

Энг қувонарлиси эса беш қардош мамлакатнинг ўзаро оғизбирлиги, ҳамжиҳатлиги юксак даражага кўтарилиб бормоқда. Ахир дўстлик бу қудратли куч, бирлашган, бир маслак ва бир ғоя асосида олға ҳаракат қилган мамлакатлар албатта, катта ютуқларга эришади. Шундай экан, бу ҳамкорликни биз ҳам қизғин қўллаб-қувватлаймиз.

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

  • Кўрилди
    490
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+