Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаларида кенг жамоатчилик вакиллари таклиф қилинаётган ўзгариш ва қўшимчаларга хайрихоҳ эканликларини билдирмоқдалар

27.07.2022, 14:45

Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаларида кенг жамоатчилик вакиллари таклиф қилинаётган ўзгариш ва қўшимчаларга хайрихоҳ эканликларини билдирмоқдалар

Айни кунларда Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, Жиззах вилоятида ҳам Конституциявий ислоҳотларга оид қонун лойиҳаси муҳокамаси кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида маҳаллаларда, корхона ва муассасаларда қизғин давом этмоқда.

Эътиборли томони, ушбу муҳокамаларда O'zLiDePнинг барча қуйи бўғинлари, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳи ҳамда Фахрийлар Кенгашлари аъзолари фаол иштирок этмоқдалар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Жиззах вилоят Кенгаши раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Анорбой Эшматов, маҳаллий кенгаш депутатлари, партия фаоллари иштирокидаги навбатдаги тадбирлар Ғаллаорол ва Шароф Рашидов туманларида бўлиб ўтди.

Ғаллорол туманидаги “Давр–М” хусусий корхонаси сутни қайта ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Айни пайтда бу ерда 8 киши доимий иш ўрни билан таъминланган. 10 хил турдаги сут маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган мазкур корхона раҳбари Бутунбой Азимов ва бошқа тадбиркорлар билан бўлган очиқ мулоқотда кўпроқ хусусий мулкка бўлган муносабат ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Партия етакчиси тараққиётнинг кўп асрлик тажрибаси, хусусий мулксиз, унинг ишончли кафолатисиз кучли ижтимоий давлат қуриб бўлмаслигини кўрсатаётганини, шу боис Бош қомусимизда хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш учун зарур бўлган конституциявий кафолатлар кучайтирилаётганига эътибор қаратди. Самимий ва очиқ мулоқот чоғида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга ҳам жавоб олиш имконига эга бўлдилар.

Шароф Рашидов туманидаги “GOLD FISH AGRO EKSPORT” балиқчилик кластери сўнгги йилларда вилоятда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар самараларидан бири. Бу ерда ярим интенсив усулда балиқ етиштириш билан бирга қишлоқ хўжалиги ўқув ишлаб чиқариш маркази фаолияти ҳам йўлга қўйилган.

Мулоқотда иштирок этган партия фаоллари, кластер ишчи ва ходимлари партия етакчисига конституциявий ислоҳотларга доир қонун лойиҳаси тўғрисида кўплаб саволлар билан мурожаат қилишди.

Жумладан, тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, ўз фаолият йўналишларини мустақил равишда танлашга, тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли эканини Конституцияда мустаҳкамланиши, давлат хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит ҳамда шароитларни таъминлаши, эркин ва ҳалол рақобатнинг ҳимоя қилиниши, иқтисодий фаолиятда монополиялаштиришга йўл қўйилмаслиги кафолатланиши ва бошқа ўзгариш ва қўшимчалр тўғрисида фикр юритилди.

Савол-жавоблар, билдирилган мулоҳазалар партиямиз фаоллари, депутатларимиз, кенг жамоатчилик вакиллари конституциявий ислоҳотларга доир қонун лойиҳасида таклиф қилинаётган ўзгариш ва қўшимчаларга хайрихоҳ эканликларини яна бир бор кўрсатиб берди.

O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    613
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+