Халқимизни рози қилиш йўлида жипслашамиз!

29.07.2022, 12:13

Халқимизни рози қилиш йўлида жипслашамиз!

Сўнгги беш йилда барча соҳаларда туб ислоҳотлар амалга оширилди. Юртимиз ривожи йўлида янги босқични бошлаб берган Ўзбекистоннинг Янги Тараққиёт стратегиясида инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш биринчи мақсад этиб белгилангани ҳам фикримизнинг ёрқин далилидир.

Зотан, бугун мамлакат иқтисодий ва ижтимоий ҳаётидаги барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган.

Куни кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан аҳоли турмушини яхшилаш ва тадбиркорлар фаоллигини оширишга қаратилган таклифлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда ҳам халқни рози қилишга катта эътибор қаратилди.

Унда аҳоли ва бизнесни қийнаб келаётган муаммолар, улар бўйича илгари сурилаётган таклиф ва ташаббусларнинг муҳокама қилингани, асосли таклифларни қаноатлантириш, одамлар учун қулайликларни ошириш борасида мутасаддиларга қатъий кўрсатмалар берилгани халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши муқаррар.

Аҳоли ва бизнесни қийнаётган муаммоларнинг тизимли ечимини топишга қаратилган йиғилишда кўтарилган ҳар бир масала негизида қадри юксак бўлган инсон омили ётганининг гувоҳи бўлдик.

Зотан, бу мамлакатда инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг қадрини юксалтиришда давлатнинг ўз зиммасига олаётган мажбуриятлари замирида инсонпарварлик сиёсати ётганидан далолат беради.

1 сентябрдан бошлаб хусусий секторда ишлаётган аёлларга ҳам давлат бюджетидан 2 миллион сўмлик ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаб бериш тўғрисидаги қарорнинг қабул қилиниши мисли кўрилмаган инсонпарварлик бўлди, десак, асло муболаға бўлмайди.

Олиб борилаётган оқилона сиёсат биргина булар билан чекланиб қолмаяпти. Бугун юритимизда Халқ қабулхоналари, ижтимоий тармоқлар ва сўровлар орқали соҳа ва ҳудудлардаги муаммолар, улар юзасидан одамларнинг адолатли таклифлари ўрганилиб, шу асосда халқимизни рози қиладиган қарорлар қабул қилинмоқда.

Тошкент вилоятида ҳам бу борада олиб бориладиган ишлар талайгина. Эндиликда бизнинг зиммамизда турган галдаги вазифа – электоратимиз бўлган тадбиркорлар олдида турган муаммоларни тизимли ўрганиб, уларни бартараф этишда бевосита кўмаклашиб, халқимизни рози қилиш йўлида жипсликда ҳаракат қилишдан иборат. Ўйлайманки, албатта, бу саъй-ҳаракатларимиз ўз мевасини беради.

Зеро, Президентимиз ўринли таъкидлаганидек, халқимизни рози қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш учун барча шароитларни яратиш барча раҳбарларнинг энг устувор вазифаси бўлиши лозим.

Тўлқинжон Файзиев,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги  

партия депутатлик гуруҳи раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    802
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+