Хотин-қизларга ажратиладиган таълим кредитлари учун гаров ва кафилликлар талаб этилмайди

03.08.2022, 10:04

Хотин-қизларга ажратиладиган таълим кредитлари учун гаров ва кафилликлар талаб этилмайди

Жамиятда сиёсий, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва тараққиёти аёлларга, оилага бўлган муносабат ва эътибор билан боғлиқ. Сабаби миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, шубҳасиз, оиланинг, оилада эса аёлнинг алоҳида ўрни бор.

Кейинги йилларда мамлакатимизда таълим ташкилотларида таҳсил олиш истагидаги хотин-қизлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг илмий салоҳияти ва малакасини тизимли ошириб боришни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, юртимизда хотин-қизларнинг эркаклар билан барча соҳада тенглигини таъминлашга, уларни улуғлаш ва қадрлашга, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган миллий ҳуқуқ тизими яратилди.

Президентимизнинг шу йил 18 июлдаги “Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида янги бир давр, янги бир босқични бошлаб беради, десак муболаға эмас.

Мазкур қарор матни билан танишар эканман, у кейинги йилларда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган энг муҳим ҳужжатлардан бири эканига амин бўлдим.  Зеро, ҳужжатда қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олишлари, қобилиятларини тўғри йўналтириш бўйича устувор вазифалар белгиланган.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 7 мартдаги тегишли фармонига мувофиқ,  2022/2023 ўқув йилидан бошлаб республикадаги барча хусусий, хорижий ва давлат олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида хотин-қизларнинг тўлов-контракт асосида таҳсил олиши учун имтиёзли шартларда таълим кредитларини молиялаштириш мақсадида тижорат банкларига Давлат бюджетидан маблағ ажратишнинг янги тизими жорий этилмоқда.

Айниқса, тижорат банклари Молия вазирлиги томонидан жойлаштириладиган депозит маблағлари ҳисобидан таълим кредитларини 14 фоиз ставкада  ажратиши, таълим кредитининг асосий қисми талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилиши минг-минглаб қизларнинг айни дилидаги гап бўлди. Бу кўп йиллар давомида таълим олиш истагида юрган хотин-қизларнинг орзуларини рўёбга чиқариш учун муҳим қарор бўлди.

Эътиборли томони, таълим кредити бўйича фоиз ставкаларини сўндириш  Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан, уларни тижорат банкларига тўлаш орқали амалга оширилади. Шунингдек, таълим кредитини расмийлаштиришда ва унинг қайтарилишида талабанинг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари ва бошқа учинчи шахс биргаликда қарз олувчи сифатида қатнашишига рухсат этилади.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори билан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилаларнинг хотин-қизларига ажратиладиган таълим кредитлари учун гаров ва кафилликлар талаб этилмайди. Жамғарма маблағлари ҳисобидан тижорат банкларининг сўровларига асосан келгусида 14 фоиз ставкада таълим кредити ажратиш учун уларга 10 фоиз ставкада депозит маблағлари жойлаштирилади.

Жамғарма томонидан таълим кредитлари учун тижорат банкларига зарур маблағлар ажратилишини таъминлаш ва назорат қилиш мақсадида Жамғармага 1 та Мактабгача таълим вазирлиги штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан ва 1 та Молия вазирлигининг умумий штат бирликлари доирасида жами 2 та штат бирлиги ажратилади.

Ишонч билан айтиш мумкинки, бирор давлатда Янги Ўзбекистонда бўлгани каби хотин-қизларга эътибор кўрсатилмаган, эъзозланмаган, мамлакат таянчи сифатида эътироф этилмаган. Ўзбекистонда хотин-қизларга оид давлат сиёсатининг ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилаётгани бу борадаги ислоҳотлар кўламини янада кенгайтираётир. Мана шу кўрсатилаётган эътибор туфайли бугунги кунда аёлларнинг барча соҳа ва тармоқлардаги ўрни ва таъсири янада ортиб боряпти.   

Умуман олганда, бугунги кунда хотин-қизларимиз сиёсий жараёнларда нафақат фаол иштирокчи, балки жамиятимизнинг катта кучига айланиб бормоқда. Мазкур қарор ва унда белгиланган вазифаларнинг сўзсиз ижроси шубҳасиз, нозик ҳилқат вакилларининг жамиятдаги ролини янада ошириш, уларни ҳар бир соҳада эркаклар билан бирга самарали фаолият юритишларига хизмат қилади.

Одинахон ОТАХОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    407
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+