Партия етакчиси Қорақалпоғистонда тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари фаолияти билан танишди

03.08.2022, 17:03

Партия етакчиси Қорақалпоғистонда тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари фаолияти билан танишди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O’zLiDeP фракцияси раҳбари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши  раиси Актам Хаитов Қорақалпоғистон Республикасининг туманларига ташрифи давомида деҳқон ва фермер хўжаликлари раҳбарлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашиб, муаммо ва таклифларини ўрганди. 

Учрашувлари давомида партия етакчиси қишлоқ ҳўжалик соҳасидаги ишларни янада жадаллаштириш, агротехник тадбирларни ўз вақтида олиб бориш, дала ва томорқаларда етиштирилаётган ҳосилнинг сифатли бўлишини таъминлаш мақсадида Хўжайли туманидаги “Саманкўл” ОФЙ ҳудудидаги “Шукуруллаева Толғанай” фермер хўжалигида ташкил қилинган семинарда қатнашди. Унда туманда фаолият юритаётган деҳқон ва фермер хўжаликлари раҳбарлари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари ҳам иштирок этди.  

Семинарда партия раҳбари давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 27 июль кунги пахтачиликдаги долзарб вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишдан келиб чиқиб белгилаб берилган устувор вазифалар, сўнгги йиллардаги иқлим ўзгаришлари пахтачилик олдига янги вазифалар  қўяётганлиги, барча ҳудудларда амалга ошириш бўйича “долзарб 30 кунлик” эълон қилинганлигини, ҳозиргидек ҳавонинг аномал иссиқ пайтида ҳосилни сақлаб қолиш, ердан унумли фойдаланиш бўйича керакли тавсия ва маслаҳатларини айтиб ўтди.

Кейинги манзил Беруний туманидаги “Шаббоз” ОФЙ ҳудудидаги Якубов Жонибек фермер ҳўжалиги бўлди.  

Актам Хаитов, туман ҳокими А.Сапарбаев, сектор раҳбарлари ва соҳага тегишли масъуллар иштирокида ўтказилган дала семинарида долзарб 30 кунлик тадбирнинг мазмун-моҳияти ва бажарилиши лозим бўлган ишлар тушунтирилди. Томорқадан унумли фойдаланиб, узумчиликни йўлга қўйган Берунийлик томорқачилар иш фаолияти намуна сифатида кўрсатилди.

Семинар иштирокчилари боғбоннинг томорқасини кўздан кечириб ҳосил билан ҳам танишди.

Кейинги манзил “Беруний текстил инвест” МЧЖ бўлиб, бу ерда пахтани тола ҳолатига ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараён амалга оширилади. 2021-2022 йилги дастурга 900 миллион долларлик инвестиция киритилган бўлиб, Туркия ва Япония давлатлари ҳамкорлигидаги “Жуки” компаниясидан 540 минг долларлик тикув машиналари ўрнатилди.

Лойиҳа қиймати 15.5 млрд сўмни ташкил этади. Лойиҳа ишга туширилиши билан 500 та янги иш ўрни яратилади. “Беруний текстил инвест” корхонаси  томонидан 2022  йилнинг олти ойи давомида 6 миллион 107 минг долларлик ип калава маҳсулотлари Хитой ва Туркия давлатларига экспорт амалга оширилган.

Спикер ўринбосарининг туманларга ташрифи Тўрткўл туманида ҳам давом этди. Партия етакчиси тумандаги фаол ёшлар билан чорвачилик комплекси ва кунига 40 минг дона тухум чиқариб турган паррандачи тадбиркорлар билан мулоқот қилиб, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишди.

Тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқот жараёнида уларнинг келгуси режа ва мақсадлари, фаолиятини  янада кенгайтириш борасида ўз таклиф ва тавсияларини бериб ўтди.

O’zLiDeP  Қорақалпоғистон Республикаси

Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    542
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+