Пировард мақсад – қоғоз ёки ҳисобот эмас, балки амалий натижаларга эришиш, одамлар ҳаётида ижобий ўзгаришлар қилиш

04.08.2022, 10:41

Пировард мақсад – қоғоз ёки ҳисобот эмас, балки амалий натижаларга эришиш, одамлар ҳаётида ижобий ўзгаришлар қилиш

Инсон қадрини улуғлаш юртимизда яшаётган ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, аҳолининг фаровон соғлом ва мутаносиб турмуш кечириши учун қулай шароит яратиш демакдир. Шу боис, мамлакатимизда фуқаролар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, камбағалликни қисқартириш, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор вазифасига айланди.

Халқимиз билан бамаслаҳат қабул қилинган Тараққиёт стратегиясидаги 100 та мақсаддан 34 тасида айнан адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва шулар орқали 2026 йил якунига қадар камбағалликни камида икки баробарга қисқартириш билан боғлиқ устувор вазифалар ўз аксини топган. Бу йўналишда белгиланган вазифалар ҳамда мамлакатимиз ривожи ва халқимиз фаровонлиги йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг жойларда ижросини таъминланиш устидан доимий равишда парламент назорати олиб борилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил биринчи ярим йилликда бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи муҳокама қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастурининг 2022 йил биринчи ярим йилликда бажарилиши юзасидан ҳисоботида кўриш мумкинки, мамлакатимиздаги барча ислоҳотлар ижтимоий йўналтирилган бўлиб “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. Зеро, давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш мақсадида ўтган даврда 153 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Дастур доирасида адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантиришнинг устувор йўналишларига оид салмоқли ишлар қилинди.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида жами 3 миллион 434 минг фуқарони доимий, мавсумий ва вақтинчалик ишларга жалб қилиш орқали бандлиги таъминланди. Меҳнат бозоридаги тенденциядан келиб чиқиб, аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан 437,4 минг иш билан банд бўлмаган шахсга бандлик хизматлари кўрсатилди. Меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлаша олмайдиган хотин-қизларни касбга ўқитиш билан боғлиқ харажатларнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига БҲМнинг 4 баробаридан ошмаган миқдорини давлат томонидан қоплаб бериш тизими йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, жорий йилда норасмий ишлаётган 450 минг фуқаронинг бандлигини легаллаштиришга ёрдам бериш орқали уларнинг ижтимоий кафолат ва имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратиш чоралари кўрилди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 774 та ташкилотда норасмий ишлаётган 2 мингга яқин фуқаронинг бандлигини легаллаштиришга ёрдам берилди. Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан 103,3 минг хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.

Президентимиз ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп фарзандли оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёлғиз қариялар, ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз бўлган фуқароларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағларидан самарали фойдаланилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан маҳаллий бюджетлар орқали ҳудудий “Саховат ва кўмак” жамғармаларига 43 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Биргина жорий йилнинг июнь ойида республика бўйича 94,7 минг эҳтиёжманд оилага 5,7 минг тонна бепул ун ҳамда 10,9 милиард сўм нақд пул тарқатилди. Бу Президентимизнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакилларига эътибори ва ғамхўрлигининг ёрқин намунасидир.

Ҳозирги кунда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” орқали ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилалар сони 2 миллион 108 мингтага етган бўлса, 2022 йилнинг олти ойи давомида улар учун 987,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.

Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини таъминлаш ҳамда самарали миграция сиёсатини юритиш мақсадида фуқароларни хорижий меҳнат миграциясига ташкиллаштирилган тарзда юборишни ташкил этиш, хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ҳисобот даврида 7197 фуқаро ташкиллаштирилган тарзда хориж давлатларига ишлаш учун юборилди.

Шунингдек, жорий йилда 28 минг 590 хорижга ишлаш учун кетиш истаги бўлган фуқаролар, шундан 25 минг 387 нафари касбларга ва 3203 нафари касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитилди. 56 мингдан зиёд меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқаро бандлиги таъминланди.

“Темир дафтар”га киритилган 605 мингта оила аъзолари касб-ҳунарга ўқитилгани, тадбиркорлик фаолиятини бошлашига кўмаклашилгани туфайли оилавий шароити яхшиланиб, дафтардан чиқарилди. Ушбу дафтарга киритилган оилаларнинг доимий даромад манбаини яратиш чоралари кўрилди. Жумладан, 95,4 минг фуқаро доимий ишга жойлаштирилган бўлса, 34,7 минг фуқаро тадбиркорлик фоалиятини йўлга қўйди.

Мамлакатимизда кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш, уларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини яхшилаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Масалан, “Нуроний” жамғармаси маблағларининг амалда ўзлаштирилишига қараб давлат бюджетидан ҳар йили 50 миллиард сўм ажратилади. 2022 йил апрель ойидан бошлаб “Нуроний” жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўзгалар парваришига муҳтож ва ёлғиз яшайдиган кексаларни ҳар йили бир маротаба санаторийда бепул соғломлаштириш белгиланди.

Пенсия тайинлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар ахборот тизимларидан электрон шаклда олиш орқали қоғоз шаклида ҳужжат талаб этиш амалиёти босқичма-босқич бекор қилинмоқда. Бу ортиқча оворагарчиликнинг олдини олади. Зеро, 2021-2022 йиллар давомида пенсия тайинлашда 11 турдаги маълумотларни фуқаролардан талаб қилиш ҳақидаги қоида бекор қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан жорий йилда “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга пенсия ва нафақа олувчи фуқароларга қулайликлар яратиш, айрим масалалар ечимига қаратилган икки марта ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларнинг қабул қилиниши мазкур масалага давлат томонидан катта эътибор қаратилаётгани ифодасидир.

Жумладан, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан, марҳумнинг қарамоғидаги фарзандларига 18 ёшгача (олдин 16 ёшгача), агар умумий ўрта таълим муассасаси, академик лицей ва олий таълим муассасасида ўқиётган бўлса 23 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсияси тўланиши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, болаликдан ногиронлиги бўлганларга 18 ёшгача (олдин 16 ёшгача) қараган даврини иш стажига қўшиб ҳисобланиши, болани парваришлаш таътилида бўлиш вақтини ҳаммасини жамлаганда 6 йиллик (олдин кўпи билан 3 йиллик) даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш ҳамда пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун ўртача иш ҳақининг максимал миқдорини пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 10 баробаридан 12 баробаригача ошириш назарда тутилган.

Бу, ўз навбатида, етим болаларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш, болаликдан ногиронлиги бўлган болаларга қараб турилган вақтни бола парвариши давридаги иш стажига қўшиб ҳисоблаш даврини узайтириш, шунингдек, пенсионерларнинг даромади ва фаровонлигини ошириш, пенсиялар миқдори билан иш ҳақи ўртасидаги тафовутни камайтириш, пенсия олувчи фуқароларнинг моддий таъминотини янада кучайтириш, ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Сўнгги йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя соҳасига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини ошириш ва қўшимча ресурсларни жалб қилиш, ижтимоий ҳимоя дастурлари қамровини кенгайтириш ва оилаларни оғир ҳаётий ҳолатлардан олиб чиқишга қаратилган қўшимча механизмларни жорий этиш йўналишларида ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилаётир.

Хусусан, кам таъминланган оилалардаги болаларни парваришлаш учун тўланадиган  нафақа қамрови кенгайиб, нафақа тайинлашда инобатга олинадиган болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача оширилди. Ишсизлик нафақаларининг энг кам миқдорлари 3,2 бараварга оширилган ҳолда, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган 20 дан ортиқ янги инструментлар жорий этилди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 25 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Зеро, мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси, Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясининг мақсадли кўрсаткичлари  ҳамда Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини 2022-2023 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Шунингдек, Молия вазирлиги таркибида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилди. Энди ушбу жамғарма ҳисобидан 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ижтимоий суғуртаси бўйича минимал истеъмол харажатларидан келиб чиқиб ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тўланади.

Бир сўз билан айтганда, давлат дастурида белгиланган вазифалар кўлами ниҳоятда кенг. Шу жиҳатдан, унинг ҳар бир бандида белгиланган вазифалар ўз вақтида сифатли бажарилиши ғоят муҳим. Зотан, дастурдан асосий мақсад қоғоз ёки ҳисобот эмас, балки амалий натижаларга эришиш, одамлар ҳаётида ижобий ўзгаришлар қилишдан иборат.

 

Мавлуда ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    507
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+