Давлат хизматчиси тажриба ва салоҳиятга қараб танланади

05.08.2022, 18:18

Давлат хизматчиси тажриба ва салоҳиятга қараб танланади

Давлат раҳбарининг ташаббуси билан жорий этилган маҳаллабай ишлаш тизими давлат хизматчиларини халқ орасига анча яқинроқ кириб боришига сабабчи бўлди. Биргина ҳоким ёрдамчиларини олайлик, улар керак бўлса, ҳар бир хонадон билан индувидуал тарзда ишламоқда. Тизимга киритилган янгича ёндашув яхши, бироқ шу тахлит тўхтаб ҳам қолмаслиги учун уни янада ривожлантириш талаб этилади.

4 август куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айни шу ишларнинг мантиқий давоми ҳақида сўз борди. Бунда марказий идораларни трансформация қилиш орқали фуқароларга хизмат қиладиган ихчам ва самарали бошқарув тизимини яратишга урғу берилди.

Ҳозирги кунда бу соҳада 118 минг киши меҳнат қилаяпти. Лекин, натижадорлик бўйича айтганда, ҳали давлат хизмати халқни рози қиладиган тизимга айлангани йўқ. Мисол учун, ўтган йили Халқ қабулхоналарига вазирлик ва ҳокимликлар ходимларининг билимсизлиги ва масъулиятсизлиги ҳақида 25 мингта, уларнинг мулоқот маданияти етишмаслиги билан боғлиқ 7 мингта шикоят келиб тушган. Йиғилишда шулар хусусида мулоҳаза юритилар экан, айнан раҳбарларни танлаш, тайёрлаш ва мотивация бериш йўлга қўйилмагани ижродаги оқсоқликларнинг асосий сабабларидан бири эканлиги таъкидланди. Шу боис маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилиб, икки йил давомида, чуқур муҳокамалар асосида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун тайёрланди.

Йиғилишда ушбу қонунда назарда тутилаётган талаблардан келиб чиқиб, давлат идоралари олдида турган устувор вазифалар кўрсатиб ўтилди. Унга кўра, аввало, давлат идораларига ишга қабул қилишнинг очиқ-ошкора тизими жорий этилади ва йил якунигача барча вакант лавозимлар очиқ ягона электрон платформага жойлаштирилади. Бўш лавозимга танловда иштирок этиш учун ҳозирги кунда талаб этилаётган 16 та ҳужжат сўралмайди, барча жараёнлар электрон шаклга ўтказилади. Номзоднинг билими, тажрибаси ва салоҳияти очиқ танлов орқали аниқланади.

Айниқса, бундан кейин ҳар бир вазирлик ва ҳокимлик кадрлар танлашни олий ўқув юртларидан бошлаши ёшлар учун айни муддао бўлди. Энди дастур доирасида битирувчи курсларда ўқиётган қобилиятли талабалар сараланиб, вазирлик ва ҳокимлик тизимида стажировка ўтайди ва ўқишни тамомлагач, ишга қабул қилинади. Бунга хорижда ўқиётган ёшлар ҳам қамраб олинади.

Таҳлилларга кўра, вазирликлар марказий аппаратидаги раҳбарларнинг 40 фоизи туман поғонасини кўрмаган, туман миқёсидаги раҳбарларнинг 60 фоизи эса вилоят ёки республика идораларида ишламаган. Шу боис Президент давлат идораларида “маҳалладан – республикагача” тамойили асосида кадрларни ўстиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун 1 ноябрдан бошлаб, эски намунадаги маълумотномадан воз кечилиб, ходимнинг малакаси ва эришган натижаларини илғор технологиялар асосида баҳолайдиган тизимга ўтилади.

Туман ва шаҳар даражасидаги раҳбарлик учун Салоҳиятли кадрлар резерви тузилади, унга номзодлар фақат маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари орасидан танлаб олинади. Компетенциясига қараб, улар учун мақсадли малака ошириш курслари ташкил этилади.

Дарвоқе, энди яхши ишлаган ҳам, озроқ натижага эришганлар ҳам бирдек бўлмайди. Келгуси йилдан давлат хизматчисининг тажрибаси, малакаси ва эришган натижасига қараб, рағбатлантириш тизими жорий қилинади. Уларнинг ҳаёти ва соғлиғи давлат ҳисобидан суғурта қилинади. Ўз вазифаларини ҳалол ва пок бажараётган давлат хизматчилари учун кексаликни муносиб ўтказиш кафолатлари яратилади.

Ҳа, меҳнат қилган, ўз устида ишлаган киши меҳнатига муносиб равишда тақдирланади. Раҳбарликка ҳеч ким ўз-ўзидан ёки таниш-билиши орқали эмас, балки ҳақиқий салоҳияти, билими ва эгаллаган тажрибаси, эришган ютуғига қараб келади. Шундай қилинса, жамиятнинг адолатлилик принципи ҳам ўз ўрнида таъминланган бўлади.

Фахриддин Саматов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    400
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+