Депутатлар "Обод маҳалла" давлат дастури ижросини ўрганди

08.08.2022, 17:18

Депутатлар

“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да маҳаллаларни ривожлантириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилашга кўмаклашиш мақсадида O`zLiDePдан халқ депутатлари вилоят ва Бухоро шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайланган Ҳалимжон Сафаров партия Бухоро шаҳар Кенгаши масъуллари билан биргаликда Бухоро шаҳридаги “Обод маҳалла” давлат дастурига киритилган “Файзулла Хўжаев” МФЙ ҳудудида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини  кўздан кечирди.

Депутат Ҳ.Сафаров маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, хотин-кизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда маҳалласи участка нозири билан суҳбатлашиб, уларнинг  иш фаолияти бўйича ўз муносабатини билдирди. Тегишли тавсия ва маслаҳатларини берди.  

Маҳалла фаоллари билан ўтказилган учрашувда уларни қийнаётган бир қатор муаммолар бўйича батафсил фикр алмашилди. Ушбу МФЙ ҳудудидаги 85-сонли мактабгача таълим ташкилоти биносини мукаммал таъмирлаш, 8-сон оилавий поликлиника ҳамда маҳалла биноларини реконструкция қилиш, уларнинг коммуникация тизимини талаб даражасига келтириш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, электр энергияси таъминотидаги узилишларни бартараф этиш каби бир қатор вазифалар белгиланган бўлиб, бу ўз навбатида тегишли мутасадди ташкилотлардан ҳам масъулият билан фаолият олиб боришни тақозо этади. Маҳалла ҳудуди катта бўлишига қарамасдан бу ерда атиги 1 та 3-сонли умумтаълим мактаби фаолият олиб бормоқда. Аҳоли истиқомат жойларидан ушбу мактабнинг узоқда жойлашганлиги ўқувчи-ёшлар учун қийинчилик туғдирмоқда. Шу боис маҳаллада яна 1 та билим даргоҳи барпо этиш талаб этилади. Депутат Ҳ.Сафаров шу ҳақда сўз юритар экан, маҳалладошларига ушбу масала бўйича тегишли ташкилотларга мурожаат этиб, мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этиш юзасидан мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови орқали мурожаат этишини маълум қилди. 

Мазкур маҳалла “Обод маҳалла” Давлат дастурига киритилганлиги боис шу кунга қадар бу ерда 3,2 км узунликдаги газ тармоқларини қуриш ва таъмирлаш бўйича, 11 та газ тарқатиш пунктларини барпо этиш ва уларда  таъмирлаш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилган. 4,5 км узунликдаги  оптик толали алоқа линиялари қуриб битказилган. Алоқа линияларини тартибга келтириш ишлари амалга оширилиб, йўлларда 1,5 км бетон ҳамда 1,3 км асфальт қопламаси ётқизилган.

Маҳалла аҳли билан ўтказилган юзма-юз мулоқот чоғида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида” ги қарорида белгилаб берилган вазифалар ҳамда Бухоро шаҳри ва ушбу маҳалла миқиёсида ўтказиладиган байрамона тадбирлар ва тарғибот-ташвиқот ишлари бўйича ҳам ўз фикрларини баён этди.

  • Кўрилди
    353
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+