Мирзаободлик ёш фермер 12 нафар ишсиз ёшларга 50 сотихдан 1 гектаргача ер ажратиб бериб, даромад топишда кўмаклашмоқда

08.08.2022, 17:36

Мирзаободлик ёш фермер 12 нафар ишсиз ёшларга 50 сотихдан 1 гектаргача ер ажратиб бериб, даромад топишда кўмаклашмоқда

Мирзаобод тумани “Мираобод Беда уруғчилиги” МЧЖ бошлиғи Ж.Исломов фаолияти O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Ёшлар билан ишлаш бўлими ва вилоят мутахассислари томонидан  ўрганилди.

Ж.Исмоилов ёш фермерлардан бўлиб, бугунги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётганлардан.

Ёш фермер умумий 330 гектар ер майдонидан 200 гектарига беда экиб, йилига 130 минг дона беда пресс, 30 тонна беда уруғини ички бозорларга етказмоқда. Олинган даромадга эса Германия давлатидан 1.5 млрд сўмлик CLAAS combine, Белорусия давлатидан қиймати 220 млн сўмлик MTZ 82 трактор, Туркия давлатидан қиймати 140 млн сўмлик прессподборчик олиб келган.

Шунингдек, ёш фермер Ж.Исмоилов “Темир дафтар” ҳамда “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган 12 нафар ишсиз ёшларга ўз фермер хўжалиги ерларидан 50 сотихдан 1 гектаргача ер ажратиб берган. Ҳозирда ушбу ёшлар ер майдонларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириб келмоқда.

Ана шундай ёш миришкорлардан бири Мунир Мариповдир. У бугунги кунда ердан унумдор фойдаланиб, қовун, тарвуз, сабзи, лавлаги, шолғом ва мош етиштирмоқда. Ғарқ пишган ҳосилни эса ички бозорга арзон нархларда сотиб, оилавий бюджетга анчагина ёрдамини ҳам бериб қўйди. 

-Ҳозиргача сотилган ҳосилдан уйимизни таъмирладик, эндиги даромадимга автомобиль олиш ниятим бор, - дейди Мунир Марипов. Ниятнинг ҳолислиги ва ўз олдига қўйилган мақсад сари интилиб, тун-у кун меҳнат қилаётган шижоаткор ёшларга омад тиланди.

Сўнг, Ж.Исмоилов фаолиятини ўрганиш давом этди. Фермер хўжалиги қошидаги 20 гектар ер майдонида балиқчилик йўлга қўйилган экан.

- Бу ерда 35 тонна балиқ етиштирилади, йилига 900 млн сўм даромад олинади. Бундан ташқари чорвачилик ҳам йўлга қўйилган. 500 бош қўй, 200 бош қорамол, 35 бош от, 13 бош туя боқилиб, элимиз дастурхони учун гўшт, сут ва қимиз маҳсулотлари етказиб бермоқдамиз, -  дейди  Ж.Исмоилов.

O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси мутахассислари меҳнаткаш, жонкуяр, ёш бўлишига қарамасдан анчагина катта ишларни амалга ошириб келаётган Ж.Исмоилов фаолиятига омадлар тилади.

O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    694
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+