Соғлом аёл миллат келажагини яратади

08.08.2022, 17:40

Соғлом аёл миллат келажагини яратади

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши “Аёллар қаноти” ва Шаҳрисабз туман кенгаши ҳамкорлигида “Соғлом оила – мустаҳкам оила” лойиҳаси доирасида бепул тиббий кўрик ташкил этилди. 43-ўрта мактабда бўлиб ўтган тадбирда тумандаги Қўрғонтепа, Ёмби ва Чорқи қишлоқларида истиқомат қилаётган 200 нафарга яқин хотин-қизларнинг саломатликлари малакали шифокорлар томонидан текширилиб, аниқланган касалликлар бўйича тиббий ташҳис қўйиб берилди. Тиббий кўрикда қатнашган 65 нафар хотин-қизларда турли касалликлар аниқланиб, 51 нафари амбулатор, 14 таси стационар даволанишга йўналтирилди.

 - Қишлоқ аёллари саломатлигини текширтириш учун туман марказига боришга кўп ҳолларда вақт ва маблағ топа олмайди,- дейди 35- шифоатхона бош шифокори, депутат Дилобар Далиева.– Шу боис мазкур тадбирларни туманимизнинг чекка ҳудудларида ташкил этган ҳолда мураккаб иқлим шароитида яшаётган хотин-қизлар саломатлигини тиклашга кўмаклашган ҳолда репродуктив саломатлик, соғлом турмуш тарзи борасидаги тиббий саводхонликларини оширишга асосий эътиборни қаратаяпмиз. Шифокорларимиз уйда ётиб қолган беморларга ҳам тиббий хизмат кўрсатишди. Саломатлиги жиддий ёмонлашган аёлларга зудлик билан  даволаниш учун шифохоналарга йўлланмалар бердик.

Тадбир давомида шифокорлар томонидан никоҳ ёшига етмаган қизлар ва қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларини бартараф этиш юзасидан фаол жамоатчилик назоратини ташкил этиш, хотин-қизларни спорт машғулотларига жалб этиш, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, умр узоқлигини таъминлаш, соғлом миллат генофондини асрашга кўмаклашиш борасида тушунтириш-тарғибот ишлари ҳам олиб борилди.  Қишлоқ аёллари бундай тадбирларни ташкил этганимиз учун партиямиз ва депутатларга ўз миннатдорчиликларини билдиришди. 

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

Матбуот хизмати.

  • Кўрилди
    392
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+