Ишбилармон аёлларни бирлаштирган танлов Сурхондарёдан бошланди

09.08.2022, 16:38

Ишбилармон аёлларни бирлаштирган танлов Сурхондарёдан бошланди

Мана 7 йилдирки "Ишбилармон аёл" кўрик танлови Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан ўтказиб келинади. Бу вақт оралиғида 80 мингга яқин ишбилармон аёлларни қамраб олган танлов бу йил бошқача форматда ташкил этилмоқда. Ўтган йиллардан фарқли ўлароқ бу йилги кўрик-танлов “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида ўтказилмоқда ва унда ҳар бир вилоятда ғолибликни қўлга киритганлар танловнинг республика бўйича ҳам ғолиблари деб эълон қилинади.

Бугун мазкур танловнинг дастлабки босқичи Сурхондарё вилоятида ташкил этилди. Унда Термиз шаҳри ва вилоятдаги 14 та тумандан ғолиб деб топилган тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизларимиз иштирок этишди. Термиз шаҳридаги Савдо-саноат палатаси ҳудудий бўлими биносида ўтказилган танловда иштирокчилар ўзларининг ишлаб чиқарган маҳсулотларини намойиш этишди.

Танлов ғолибларини аниқлаш учун O'zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши раиси Алишер Рўзиев бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати аъзолари иштирокчиларнинг ишларини баҳолашди. Баҳолаш жараёнида асосий эътибор тадбиркор аёлларнинг яратган ишчи ўрни, маҳсулотларнинг сифати ва талабгорлиги, экспорт салоҳиятига қаратилди.

Натижаларга кўра, 1-ўринга Шўрчи тумани иштирокчиси "Мафтуна Шўрчи дизайн" МЧЖ раҳбари Гулсара Тангирова, 2-ўринга "Бойсун Афрузбек" оилавий корхонаси раҳбари Хадича Рахимбердиева, 3-ўринга шерободлик якка тартибдаги тадбиркор, ҳунарманд-гиламдўз Шохида Ҳасанова муносиб кўрилди. Яна 5 йўналиш бўйича ғолиблар аниқланиб, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

Танловнинг 1-ўрин соҳибаси "Мафтуна Шўрчи дизайн" МЧЖ раҳбари Гулсара Тангирова:

- Шўрчи туманидаги "Тўла" маҳалласида тикув цехимиз жойлашган бўлиб, 131 нафар хотин-қизлар меҳнат қилишмоқда. Асосан ўқувчилар учун мактаб формалари, эркаклар ва аёллар либослари, кўрпа-ёстиқлар ва чойшаблар тикиб, маҳаллий бозорга чиқаряпмиз. Қолаверса, шогирдлар ҳам тайёрлаб, хотин-қизларга тикувчилик сирларини ўргатяпмиз. Бу йил ўзгача шукуҳда ўтган "Ишбилармон аёл" кўрик танловида мен ҳам ўз тақдимотим билан иштирок этдим. Партия томонидан биз каби аёлларни фаолиятига эътибор қаратилиб, керак бўлса муаммоларимизнинг ечимига ҳам кўмак берилаётганидан жуда мамнунман. Бу биз каби тадбиркорларнинг сафини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Танловнинг 2-ўрин соҳибаси "Бойсун Афрузбек" оилавий корхонаси раҳбари Хадича Рахимбердиева:

- 26 йилдан бери ҳунармандчилик билан шуғулланаман. Ипак, жун ва пахта толасидан тайёрланган жанда матоси ва олачадан турли миллий либослар, жойнамоз, сумкалар тикаман. Маҳсулотларимга асосан хорижлик сайёҳлар   харидор бўлишади. Бир неча бор республикамизда ўтказилган турли фестивалларда ҳам иштирок этиб, ташаккурнома билан тақдирландим. Менга ўхшаган ҳунарманд аёлларни қўллаб-қувватлайдиган ЎзЛиДеП нинг фаол аъзосиман. Бугун партия томонидан ўтказилган “Ишбилармон аёл” танловида мени ғолиблар сафига қўшишгани жуда қувонтирди. Бу рағбат келгусидаги фаолиятмни янада кенгайтиришимга туртки бўлди.

Танловнинг 3-ўрин соҳибаси ҳунарманд-гиламдўз Шоҳида Ҳасанова:

- Мазкур кўрик танловда Шеробод туманидан якка тадбиркор сифатида иштирок этдим. Асосан қўй жуни ва пахта толасидан қўл меҳнати асосида гиламлар тўқиймиз. Айни пайтда туманимиздаги "Тароқли" маҳалласида 35 та иш ўрни яратганман. Аввало, O'zLiDeP томонидан биз каби ишбилармон аёлларни қўллаб-қувватлаган ҳолда бундай тадбирларнинг ўтказилиши бизга кўпроқ иштиёқ ва мотивация беради.

O'zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    466
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+