Пахтачиликда нархнинг эркинлашиши фермер манфаатларини ошишига хизмат қилади

12.08.2022, 10:46

Пахтачиликда нархнинг эркинлашиши фермер манфаатларини ошишига хизмат қилади

Ўзингиз ўйлаб кўринг, пахта яккаҳокимлиги даврида деҳқоннинг косаси оқармаган. Нарх юқоридан белгиланиб, фақат давлат манфаатларига хизмат қилган. Чигит экиб, уни ундириб, парваришлаб, минг азобда териб хирмон яратган деҳқон қуруқ қўл билан қолган. Уларга тўланган нарх эса рўзғор тебратишга учма-уч етган. Яна бир ноқулай томмони пахтани топширганидан сўнг пулни тўлаш пайсалга солинган. Кейинги пахта терими бошлангунча пулни олиш имконияти бўлмаган.

Пахтачиликда ҳосилдорликнинг пасайиши, ер унумдорлиги камайишига ана шундай омиллар ҳам сабабчи бўлган. Чунки деҳқоннинг меҳнатдан қўли совиган. Баъзи фермерлар ҳатто ерни топшириб, хорижга ишлаш учун ҳам кетиб қолган. Сердаромад соҳа ҳисобланган пахтачиликдаги бундай салбий ҳолат пахта хомашёсини етиштириш ва қайта ишлашда ҳам бир талай муаммоларни келтириб чиқарган.

Бугун эса пахтачиликда мутлақо янгича ва деҳқон манфаати улуғланган тизимни кузатиш мумкин. Бугун фермерга кенг имконият ва имтиёзлар яратилди. У ўзи етиштирган ҳосилга ўзи хўжайин. Ўзи қанчага баҳоласа шунча нархда сотиш имконияти яратилди. Яъни фермер етиштирган ҳосил нархи жаҳондаги пахта сотувчи мамлакатлардаги нарх билан тенглаштирилди. Эътибор берган бўлсангиз давлатимиз раҳбари шу йилнинг 22 июл куни ўтказган видеоселектор йиғилишида пахтачиликда юқори самарадорликни таъминлаш юзасидан “Долзарб 30 кунлик” тадбирини эълон қилган эди. Президент ҳузурида пахтачилик кенгаши тузилган эди. Бу эса соҳани изчил ривожлантириш билан бирга фермерларга эркинлик бериш, нархни эркинлаштириш ва пахта хомашёсини етиштириш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантиришда фермер ҳам, қайта ишловчи ҳам тўқимачилик саноати ҳам тенгга-тенг манфаатдор бўлишига эришишни тақазо этади.

Шу маънода айтиш жоизки, пахта нархининг жаҳон бозорида шаклланган нархлар, масъул этиб белгиланган вазирлик ва идоралар таклифларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистонда етиштирилган 1 тонна пахта хом ашёсининг минимал нархлари белгиланди. Яъни, ўрта тола навли пахта хомашёси минимал нархи (ҚҚС билан бирга) 10 минг 25 сўмни, 1 тонна ингичка тола навли пахта хомашёси минимал нархи (ҚҚС билан бирга) 15 минг 120 сўмни ташкил этди.

Ўтган йилларда 1 килограмм пахта хом ашёсининг нархи 7 минг 100 сўм бўлган бўлса, жорий йилда 10 минг 25 сўмга ошганлиги ҳар бир фермерни қувонтириши, меҳнатга бўлган муносабатини ижобий томонга ўзгартириши табиий. Қувонарли томони эса тавсия этилаётган минимал нархдан келиб чиққан ҳолда пахта хом ашёсини етиштирувчи ва уни қабул қилувчи субъектлар шартномавий муносабатлар доирасида пахта хом ашёси нархларини ўзаро манфаатли келишув асосида мустақил равишда белгилайди.

Бу дегани фермердан ҳам сўралади, унинг таклифлари, фикрлари ҳам инобатга олинади. Ахир у кунни тунга улаб меҳнат қилган, ҳосил етиштирган-ку! Узи яратган бу бойликни ўзи тарозига қўйишга ҳақли-да. Албатта, бу адолатли ва ҳаққоний тизим жорий этилётганидан даолат бериб турибди. Зотан, деҳқон, фермер бой бўлса, мамлакат бой бўлади, юртда тўкинлик ва фаровонлик ҳукм суради.

Барно Мирзамова,

Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати.

  • Кўрилди
    1176
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+