Бухоролик ишбилармон аёллар аниқланди

12.08.2022, 11:00

Бухоролик ишбилармон аёллар аниқланди

Бухоро шаҳридаги Модарихон мадрасасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси ташаббуси билан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида вилоятдаги ишбилармон аёлларни бирлаштирган “Ишбилармон аёл” республика кўрик-танлови бўлиб ўтди.

2016 йилдан буён O’zLiDeP томонидан ўтказиб келинаётган ушбу кўрик-танловда ўтган давр мобайнида 6 мингдан зиёд бухоролик хотин-қизлар иштирок этди.

Кўрик-танловнинг бу йилги  туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 13 нафар ишбилармон аёл республика кўрик-танловида  иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Улар “Замонавий ташаббускор аёл”, “Энг ёш, фаол аёл тадбиркор”, “Инвестицияларни жалб қилишда ташаббус кўрсатган ишбилармон аёл”, “Қишлоқни ижтимоий ривожлантиришда фаоллик кўрсатган фермер аёл”, “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли” номинациялари бўйича ўз билим, маҳорат ва тажрибаларини синовдан ўтказди.

Ғолиблар аниқланди. Биринчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Banoaz Tekstile” МЧЖ раҳбари, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Маҳтоб Одиловага берилди.

Якка тартибдаги тадбиркор сифатида ўз меҳнат фаолиятини 2007 йилда бошлаган М.Одилова орадан 10 йил ўтгач бугунги кунда ўзи  раҳбарлик қилаётган МЧЖ фаолиятини йўлга қўйишга ва “Турон” банкдан олинган  484 минг АҚШ доллари эвазига ушбу корхона тасарруфида Корея технологияси асосида помидор етиштиришга ихтисослашган иссиқхона ташкил этишди. “Турон” банкнинг шундан кейинги 1 миллион 299 минг АҚШ долларлик кредити эса Когон туманидаги  “Беклар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳам 4 гектардан иборат худди шундай иссиқхона  фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда Бухоро шаҳрининг “Аҳмад Дониш” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Темир дафтар”га киритилган  ишсиз аёллардан  22 нафарининг бандлигини таъминлаш имконини берган.

Туманнинг Зиё Қобил массивида ташкил этилган 4 гектарлик иссиқхонада етиштирилган “Аламина” навли помидор ўта харидоргир бўлиб, ҳар йили салкам 200 тоннадан ана шундай маҳсулот истеъмолчиларга етказиб бериляпти. Дастлабки мавсумда  100 минг АҚШ долларига тенг сифатли маҳсулотнинг  Россиядаги буюртмачиларга етказиб берилган. Ишбилармон ва тиниб-тинчимас аёл хориж давлатларида малака ошириб қайтган ўзбек тадбиркорларидан биридир.

М.Одилова тадбиркорлик фаолиятининг яна бир муҳим йўналиши – меҳмонхона хўжалигини ривожлантириш бўлиб, бу борада ҳам у кейинги пайтда ўз  мақсади сари дадил одимлаяпти. Унинг саъй-ҳаракати билан вилоят марказида 34 ўринли янги меҳмонхона қурилиши битай деб қолган.

— Мазкур кўрик-танловда кўп тармоқли тадбиркор сифатида иштирок этяпман, – дейди Маҳтоб Одилова. — Ишбилармон аёл сифатида тадбиркорлик ташаббусларини рўёбга чиқариб, янги иш ўринларини яратиш билан бирга ободонлаштириш, қурилиш ишларини ҳам йўлга қўйганман. Шаҳарнинг турли манзилларидан қаровсиз ва ташландиқ ётган ерларни олиб, ёшлар учун 3 та ёзги ва 1 та қишки ёпиқ типдаги замонавий спорт майдончаси, сунъий қопламали футзал стадионларини  қуриб фойдаланишга топширдим.  O'zLiDeP томонидан тадбиркор аёллар ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келинаётгани бизни руҳлантиради.

Танловда 2-ўрин Қоровулбозор туманидаги  “Ал-Нур” МЧЖ раҳбари Мафтуна Саидовага, 3-ўрин эса Вобкент туманидаги “Chinar Mushroom” МЧЖ раҳбари Чинора Юсуповага насиб этди.

Ғолиб ва совриндорлар диплом, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Зариф Комилов,

Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА

  • Кўрилди
    396
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+