“Ишбилармон аёл – 2022”: андижонлик аёллар баҳси

12.08.2022, 11:30

“Ишбилармон аёл – 2022”: андижонлик аёллар баҳси

Андижонда “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида “Ишбилармон аёл – 2022” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллик тўйи арафасида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида ўтказилган танловда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси Марказий кенгаши раиси Актам Ҳайитов сўзга чиқди. Унда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, айниқса, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, ишбилармон хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон либерал-демократик партияси Андижон вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган танловда унинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 нафар ишбилармон аёлнинг фаолияти бўйича тақдим этилган ҳужжатлар, шунингдек, кўргазмалар кўриб чиқилди.

O'zLiDeP, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгашлари, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси,  Савдо-саноат палатаси вилоят филиали вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг фаолиятини баҳолаб борди. Баҳолаш жараёнида улар томонидан янги иш ўринлари яратиш, маҳсулотларнинг харидоргирлиги, экспорт салоҳияти, ишловчиларнинг ижтимоий муҳофазаси масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Якуний натижаларга кўра, белгиланган шартлар асосида энг юқори баҳо олган Асака туманидаги “Farangizoy” масъулияти чекланган жамият раҳбари Гулнорахон Тўйчиева танлов ғолиби, деб топилди.

– Мен каби кўплаб тадбиркор опа-сингилларимизга рағбат бераётган ушбу танловда ғолиб бўлганимдан мамнунман, – дейди танлов ғолибаси Г.Тўйчиева. – 2017 йилда тадбиркорлик фаолиятимни бошлаганман. Асосий фаолиятимиз трикотаж-тикувчилик йўналиши ҳисобланади. Буюртма бўйича кўрпа-тўшак, болалар ва катталар учун ётоқхона чойшаблари тикамиз. Маҳсулотларимиз нафақат Фарғона водийси, балки республикамизнинг бошқа вилоятларига ҳам етиб борган.  Бундан ташқари, тумандаги мактабгача таълим ташкилотларига озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берамиз. Ҳозирда жамиятимизда 150 нафардан ортиқ асосан “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизлар меҳнат қилади.

Танловда иккинчи ўрин Марҳамат туманидаги “Shahnoza tekstil" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шаҳноза Сайфутдиновага, учинчи ўрин эса Пахтаобод туманидаги якка тартибдаги тадбиркор, ҳунарманд Софияхон Холмирзаевага насиб этди.

Ғолиблар, шунингдек, қатор номинациялар бўйича совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан диплом, эсдалик совғалари билан тақдирланди.

  • Кўрилди
    615
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+