Ишчи гуруҳимиз манфаатдор нодавлат тузилмалар билан ҳамкорликда фаолият самарадорлигини оширяпти

12.08.2022, 15:57

Ишчи гуруҳимиз манфаатдор нодавлат тузилмалар билан ҳамкорликда фаолият самарадорлигини оширяпти

Кеча “Пойтахт” бизнес марказининг залларидан бирида она табиатимизни севувчи,  ҳаво, сув, тупроғимиз тоза, беғубор бўлишига интилувчи, бу борадаги ишларга муайян ҳисса қўша олувчи бир қанча юртдошларимиз йиғилди.  Чунки тадбирда улар учун мамлакатимиздаги  имкониятлар, хусусан, молиявий рағбат, мадад  тўғрисида  сўз борди.

ННТлар, МФЙлар,  фермерлар кенгашлари, сув истеъмолчилари уюшмалари,  илмий тузилмалар, шунингдек,  ЎзЛиДеП  ишчи гуруҳи вакилларида Глобал Экологик Фонднинг Кичик Грантлар Дастури (ГЭФ КГД) миллий координатори тақдим этган маълумотлар катта қизиқиш уйғотди. Шу ўринда қайд этиш зарур, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини жорий йилда амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган экологияга доир вазифалар бажарилишига кўмаклашиш бўйича ЎзЛиДеП депутатлари, фаолларидан иборат ишчи гуруҳ фаолият олиб боряти. Унинг айрим аъзолари мазкур тадбирда ҳам қатнашиши  гуруҳ фаолиятини янгича ёндашувлар асосида давом эттиришга ҳаракат қилаётганидан далолат.  

Маълум қилинганидек, ГЭФ КГД био хилма-хиллик, иқлим ўзгаришлари, иқлим ўзгаришларига мослашиш, ерларнинг деградацияси, одамларнинг экологик билимини ошириш каби йўналишлар бўйича ишланган лойиҳаларга 50 минг АҚШ долларигача бўлган миқдорда грантлар ажратади.  Аниқ ва қатъий 6 та шартга мос келувчи лойиҳаларгина  маъқулланади. Масалан, лойиҳа яшовчан,   бардавом бўлиши зарур. Ажратилган пуллар тугаганидан сўнг заволга юз тутувчи лойиҳалар рад этилади. Яна бир талаб шуки, ғоя, режа амалга ошгач, у кўплаб одамларга наф келтириши керак.

Мулоқотдан сўнг ишчи гуруҳ аъзолари манфаатдор нодавлат тузилмалари билан биргаликда ўтқазилган кўчатларни сақлаш ва парваришлаш, маиший чиқиндиларни саралаб йиғиш, атроф-муҳит муҳофазаси бўйича тарғибот ишлари  ва бошқа йўналишларга доир жараёнларни такомиллаштиришга қаратилган лойиҳалар ишлаб чиқиб, ГЭФ КГДга йўллашга келишиб олдилар.   Хусусан, ишчи гуруҳ аъзоси, Яшнобод туман кенгашига партиямиздан сайланган В. Адилов Моҳинур маҳалласида сизот сувларини доимий равишда юзага чиқарадиган ер ости насоси сувини дарахтзор, гулзорларга томон оқизиш, маҳалла  ирригация-суғориш тизимини қайта қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқяпти. 

 Беҳзод Исроилов,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси ходими, ишчи гуруҳ аъзоси

  • Кўрилди
    388
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+