Сирдарёлик ёшларга мустақиллик неъматлари тушунтирилди

12.08.2022, 16:06

Сирдарёлик ёшларга мустақиллик неъматлари тушунтирилди

O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгашида Мустақиллигимизнинг 31йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз”! деган эзгу ғоя асосида маданий, маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбирда вилоят Ёшлар ишлари агентлиги ва ҳамкор ташкилотлар иштирок этди.

Мустақиллигимиз ва истиқлолимиз ислоҳотлари сифатида республикамизда  йирик ишлаб чиқариш корхоналари, ижтимоий соҳа объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилаётгани халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қиляпти.

“Мамлакатимиздаги бунёдкорлик, жўшқинликнинг асосий сабаби, энг аввало, мустақиллик берган ҳуқуқ ва эркинлик ҳамда барча соҳаларда амалга оширилаётган оқилона ислоҳотлар самарасидир, шу жумладан меҳнат соҳасида ҳам”, – дейди O'zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Шохиста Бозорбоева.

Мустақиллик улуғ неънат ва бунинг қадрига албатта етиш кераклиги, ёшлар учун яратилган бугунги кундаги имконият ва қулайликлар тўғрисида ҳам сўз юритилди.

-Ўзингиз биласиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида чемпионликни қўлга киритган жамоамиз билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларни ушбу буюк ғалаба билан қизғин табриклади. Бу ёши кекса отахон-у онахонларга, ёшларга, униб келаётган ёш авлодга фахр. Табрикни эшитиб, бутун Ўзбекистон аҳолисининг дили яйради назаримда. Уларнинг кутиб олиниши қандай тантана бўлди, совғаларни айтмайсизми? Мана Президентнинг эътибори ҳар бир ўғил қизга, ёшларга. Ҳаракат қилиш керак, меҳнатдан қочмасдан, мақсад сари интилиш зарур. Сўнги 5 йилда Юртимизда қандай ўзгаришлар бўлганини ўзингиз ижтимоий тармоқларда, телевиденияда, газета ва журналларда бохабар бўлиб турибсиз. Мустақилликнинг, тинчликнинг қадрига етмоқлик керак. Билдирилган ишончни Сизлар ўқиб, билим эгаллаб оқлайсиз, - деди фахрий Атабек Эгамбердиев.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилоят кенгаши раис ўринбосари Элдор Отабоев эса, Президентимиз томонидан ёшларга берилаётган кенг имкониятлар тўғрисида сўзлади.

Бир сўз билан айтганда, мустақиллигимизнинг ўтган 31 йилида халқимиз босиб ўтган машаққатли ва синовли даврларда, айниқса сўнгги беш йилда амалга оширилган ишлар кўлами, эришилган ютуқлар, улкан марра ва натижалар салмоғи жуда катта. Энг муҳими, халқимизнинг дунёқараши ўзгармоқда, давлат ва жамиятни бошқариш ишларида фаоллиги ошмоқда ва бу албатта, келажакда янада салмоқли натижаларга эришиш учун кенг имкониятлар мавжудлигини англатади.

Тадбир сўнгида йиғилганларга, истиқлол нашидаси, байрам кайфияти ҳеч кимни тарк этмаслиги, хонадонларга қут-барака, қалбда қувонч, юзлардан  табассум аримаслиги айтилди.

  • Кўрилди
    446
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+