Давлат хизматчиларига тадбиркорлик муассиси бўлиши тақиқланади

16.08.2022, 11:06

Давлат хизматчиларига тадбиркорлик муассиси  бўлиши тақиқланади

Бугун давлат органларининг самарали фаолиятини малакали, ташаббускор ва халқпарвар давлат хизматчиларисиз тасаввур этиб бўлмаслиги кундек равшанлашмоқда. Зеро, ҳар қандай давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида юксак малакали кадрлар муҳим ўрин тутади.

Кейинги йилларда мамлакатимизда профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини шакллантиришга катта эътибор қаратилаётгани сабаби ҳам шунда. Чунки юқори малакали кадрлар мамлакат тараққиётини таъминлайди, катта ўзгаришлар, янгиликлар қилишга қодир бўлади.

Давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари юзасидан шу йил 4 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган талаблардан келиб чиқиб, давлат идоралари олдида турган устувор вазифалар муҳокама қилинган эди.

Орадан тўрт кун ўтиб, Президентимиз ушбу қонунни имзолади. Ушбу ҳужжатда давлат фуқаролик хизматига кириш, бу хизматни ўташ, хизматдаги чекловлар, мажбуриятлар, ҳуқуқлар, ижтимоий таъминот масалалари ўз ифодасини топган.

Қонун давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий мақоми, лавозимлар тоифалари ва малака даражаларини, давлат фуқаролик хизматига кириш, ўташ ва тугатиш жараёнларининг ягона тартиботини, кадрларнинг касбий-маънавий фазилатлари ва алоҳида хизматларнинг объектив ҳамда адолатли баҳолаш асосида хизмат поғоналари бўйича ўсиш кафолатларини, умуман, ягона давлат фуқаролик хизматининг ташкилий-ҳуқуқий механизмини тартибга солади.

10 та боб ва 64 та моддани қамраб олган қонунда давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, одоб-ахлоқ қоидалари каби тушунчалари ҳам белгиланган. У Ўзбекистонда ижро ҳокимияти функцияларини амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотларидаги 118 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти билан боғлиқ барча муносабатларни ягона қоидалар асосида тартибга солади.

Ҳужжатга биноан давлат хизматчиси тадбиркорлик билан шуғулланиши, уларнинг муассиси бўлиши, Ўзбекистондан ташқарида ҳисоб варақлар очиши, чет элда кўчмас мулк олиши таъқиқланади. Қонунда давлат хизматчилари учун 5 кунлик иш ҳафтаси ва ҳафтасига 40 соатдан ошмайдиган иш давомийлиги белгиланди.

Шуни алоҳида айтиш жоизки, қонунни ишлаб чиқишда халқаро тажрибалар ўрганилди. Жумладан, Япония, Буюк Британия, АҚШ каби давлатлар тажрибаси мутахассислар томонидан синчиклаб ўрганилди. Бу жараёнга хорижий экспертларнинг иштирок этгани эса унинг холислигини таъминлади.

Мазкур қонунда давлат органларида фуқаролик хизматини ўташ тартиби, ушбу соҳадаги давлат бошқаруви, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми ҳам белгиланган. Хусусан, давлат хизматига давлат тилини биладиган, тегишли малака талабларига жавоб берадиган Ўзбекистон фуқаролари қабул қилинади.

Қонунга кўра, давлат хизматчиси ўзаро яқин қариндошликда ёки қуда томондан қариндош бўлган шахсларнинг айнан битта давлат органи ва ташкилотида бирга хизмат қилиши мумкин эмас. Уларнинг педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият турлари билан, қолаверса, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.

Шу билан бирга, эндиликда давлат фуқаролик хизмати татбиқ этиладиган барча вазирлик ва идораларда ходимларни ишга қабул қилиш, фаолияти самарадорлигини баҳолаш, уларни хизмат поғоналарида ўстириш, рағбатлантириш ёки интизомий жазолаш ва хизматни тугатиш масалаларида ҳар хил ёндашувларга барҳам берилади.

Умуман олганда, ушбу ҳужжат давлат хизматида узоқ йиллардан буён ўз ечимини топмаган тизимли муаммоларни ҳал қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шу нуқтаи назардан, биз депутатлар жойларда мазкур қонуннинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилишимиз лозим.

Ботирбек ТЎРАЗОДА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    185
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+