Депутат Ўрта чирчиқликларнинг муаммоларини ижобий ҳал этиш билан шуғулланди

16.08.2022, 11:08

Депутат Ўрта чирчиқликларнинг муаммоларини ижобий ҳал этиш билан шуғулланди

Бугун халқимизни рози қилиш йўлида олиб борилаётган ишларда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш, ижобий ечим топиш ҳар бир партия ташкилоти ва депутатининг биринчи галдаги вазифасига айланган.

Партия Ўрта Чирчиқ туман Кенгаши ташаббускорлигида ўтказилган навбатдаги депутат ва маҳаллий аҳоли вакилларининг учрашуви ҳам ҳудудни барқарор ривожлантиришда аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммоларни ўрганиш, уларга ечим топиш ва тизимли бартараф этиш мақсадида ташкил этилди.

Тумандаги “Учоқли” МФЙда жойлашган 38-умумий ўрта таълим мактаби ҳовлисида ўтган учрашувда партия туман Кенгаши аппарат раҳбари Каромат Расулова ҳамда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашидаги партия депутати Дилшодхон Мансурхоновлар маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашишди.

Учрашувда маҳалла фаоллари томонидан аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган қатор муаммолар ўртага ташланди. Хусусан, қурилиши чала қолган маҳалла фуқаролар йиғини биносининг ҳамон ўзгаришсиз қолаётгани, ҳудуддаги мактаб биносининг ўта таъмирталаб экани ортидан кўплаб ўқувчи ёшлар узоқ масофалардаги мактабларга ўқишини кўчириб кетиб қолаётганини ўз ечимни кутаётган долзарб масала эканини айтишди.

Шунингдек, маҳалла ҳудуди “Обод маҳалла” дастурига киритилганига қарамасдан, ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмагани, асосий кўчалар ҳануз асфальтлаштирилмагани, тоза ичимлик суви билан таъминланмагани, оптик толали интернет қамраб олиш даражаси 25 % га ҳам етмаслиги, мактаб ҳудудида жойлашган электростанция хавфсизлик талабларига мутлақо жавоб бермаслигини билдириб мурожаат қилишди.

Қишлоқда врачлик пунктининг йўқлиги ҳам аҳолини қийнаб келаётганини қайд этишди. Ҳатто, мактабда ҳам тиббий ходим ва тиббиёт хонасининг йўқлигини маълум қилишди.

Мактаб ҳудудидаги спорт майдончасининг ёритиш чироқлари билан таъминланиши, сув йўлакларининг хавфсиз эмаслигидан тортиб, мактабдан 150 метр наридаги дўконда спиртли ичимликлар сотилиши, маҳалладан республика, вилоят ҳамда туман даражасидаги чемпионлар етишиб чиққанига қарамасдан, спорт тўгаракларининг мавжуд эмаслиги, мактаб ҳам спорт жиҳозлари билан таъминланмаганлиги борасидаги ўз эътирозларини билдиришди.

Бундан ташқари, “TATA SHOES” корхонаси томонидан чиқиндиларни тегишли тартибда утилизация қилинмасдан, ёқиш, сувга оқизиш ҳолатлари кузатилаётгани, ҳудудни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган корхонага ҳудуд аҳолисининг ишга жойлаша олмаётгани борасида ҳам мурожаатлар келиб тушди.

Аҳоли вакилларининг мурожаатларини диққат билан тинглаган партия туман Кенгаши мутасаддилари ва депутат улар юзасидан қонунда белгиланган тартибда ҳуқуқий тушунтиришлар беришди. Кўтарилган масалаларни алоҳида назоратга олиб, белгиланган муддатларда ижобий ҳал этишда амалий ёрдам беришларини билдиришди.

Учрашув якунида депутат ҳудуддаги кам таъминланган оилалар таркиби билан ҳам қизиқди. Ушбу оилаларда яшовчи меҳнатга лаёқатли шахсларни иш билан бандлигини ошириш масалалари юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилиб, маҳалла маъмурияти билан бу борадаги келгусида амалга ошириладиган ишлар борасида келишиб олинди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши

бўлим мудири

  • Кўрилди
    355
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+