Пахтачиликда янги давр бошланди

16.08.2022, 11:16

Пахтачиликда янги давр бошланди

Янгиланаётган Ўзбекистонимизда деҳқоннинг қадди тикланди, унинг ҳалол меҳнатлари рағбатлантириладиган бўлди. Пахта нархининг ошганлиги мамлакатимиз иқтисодиётининг таянчларига айланган фермерлар учун истиқлол байрамига муносиб совға бўлди десам янглишмайман. Биз фермерлар бу бахтли кунларни узоқ кутдик. Номига фермер бўлсак-да, сира косамиз оқармас, қилган меҳнатимизга яраша даромад қила олмасдик. Президентимиз шафелигида жорий йилнинг 22 июлида бўлиб ўтган йиғилишда гўза парваришини юксак агротехнологиялар асосида ташкил этиш, ҳосилдорликни ошириш мақсадида суғориш ва озиқлантиришни ўз вақтида амалга ошириш юзасидан “Долзарб 30 кунлик” эълон қилинган эди.

Воҳамиз деҳқонлари ҳарорат меъёрдан ошиб кетиб, сув танқислиги сезилган бу йилги шароитда ҳам режага яраша ҳосил етиштириш мақсадида фидокорона меҳнат қилмоқдалар. Албатта, қуёш олов пуркаб турган кезларда далада тер тўкиш ҳақиқий матонатни талаб этади. Меҳнатга яраша даромад бўлмагандан сўнг бободеҳқоннинг келажакка ишончи ҳам ҳаминқадар бўлиб қолар экан. Айрим фермерлар далани ташлаб, бошқа ишни бошини тутиб кетишганига гувоҳмиз. Аммо мен ҳаётимни даласиз тасаввур эта олмаганим боис ер билан тиллашишда давом этдим. Сабрнинг таги олтин деб шунга айтса керакдир-да.  Ниҳоят, пешонамизга офтоб тегди, рўзғоримизга барака кирадиган бўлди. Энг муҳими далада пахта етиштириш ва йиғиб-териб олишда жонбозлик кўрсатаётган қишлоқ одамларининг даромади ҳам ортадиган бўлди. Ўзбекистонда етиштирилган 1 тонна пахта хом ашёсининг минимал нархлари белгиланиб, ўрта тола навли пахта хомашёсининг минимал нархи  (ҚҚС билан) 7 минг 100 сўмдан 10 минг 25 сўмга ошганлиги деҳқонларнинг заҳматли меҳнатларининг қадрланишидан далолатдир. Бир тонна ингичка тола навли пахта хомашёсининг минимал нархи 15 минг 120 сўм этиб белгиланди. Бундан келиб чиққан ҳолда пахта хом ашёсини етиштирувчи ва уни қабул қилиб олувчи  пахта нархларини ўзаро келишув асосида мустақил белгилаши ҳам деҳқончилик тарихидаги  ажойиб янгиликдир.

Эсини танибманки, даладаман. Нишоннинг чўлларида саратон офтобида тобланиб, ғалла ва пахта ҳосили етиштиришда йилнинг тўрт фаслида ҳам тиним билмаймиз. Бу йил 50 гектар май      донда “Порлоқ-4” навидан экиб, юксак агротехника қоидалари асосида парваришлаяпмиз. Ҳар гектар  ердан 40 центнердан пахта ҳосили етиштириш мақсадида туну кун меҳнат қилмоқдамиз. Айниқса, саратоннинг синовли кунларида туни билан сув тараб, қатор ораларига ишлов бериб гўзаларимизни ҳам, ҳосилини ҳам асраб қолдик. Бу йил давлатга пахта сотиш бўйича йиллик режани ортиғи билан бажариб, олинган фойда эвазига замонавий техникалар харид қилишни ният қилган эдик. Тангрининг марҳамати ила орзуларимиз ушаладиган бўлди. Шу ўринда бизнинг ҳақиқий ғамхўримиз ва ҳимоячимиз бўлган Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раҳбариятига ҳам қашқадарёлик пахтакор деҳқонлар номидан ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Кенгашнинг саъй-ҳаракатлари билан ғалла ва пахта харид нархлари ошириш борасидаги қатор амалий таклифлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилганлиги бунинг исботидир. Энг муҳими, хўжаликларимизда ишлайдиган кишиларнинг иқтисодий ҳолатлари яхшиланади, моддий техника базамизни янгилаб борамиз, сифатли ўғитлар харид қилиб, ерларнинг мелиоратив ҳолатини тезкор билан яхшилаш, ер бонитетини ошириш бориш имкони яратилади. Мамнуният билан таъкидлайманки, деҳқонларнинг рўзғорларига барака кириб, турмуш фаровонликлари кескин ортади. Дала меҳнатчиси учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак!

Жасур Худоёров,

Қашқадарё вилояти Нишон

туманидаги “Зоҳидов Умар”

 фермер  хўжалиги раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    358
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+