Иштирокчиларининг ҳар бири эътирофга лойиқ

16.08.2022, 11:21

Иштирокчиларининг ҳар бири эътирофга лойиқ

Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кезиб юрган байрамона кайфият жойларда бўлиб ўтаётган кўрик-танлов ва бошқа  маданий-маърифий тадбирларда акс этмоқда. Жиззах шаҳридаги “Ёшлар инновацион маркази”да бўлиб ўтган “Ишбилармон аёл – 2022” кўрик –танлови ҳудудий республика босқичида ҳам бу ҳол яққол кўзга ташланиб турди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Феруза Нигматова, Сардор Ғиёсов, O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аёллар билан ишлаш бўлими мудири С.Муслимова, Жиззах вилоят Кенгаши раиси Эркин Холматов, Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Жиззах вилоят Кенгаши раиси Нусратулло Пардаев, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Акрам Раҳмонқулов, Вилоят “Тадбиркор аёл” ассоциацияси раиси Нозима Тугалова иштирок этган кўрик-танловда шаҳар ва туманларда ғолиб деб топилган 13 нафар ишбилармон аёллар ўз кўргазмалари билан қатнашдилар.

Кўрик-танлов Низомига кўра тажрибали ҳакамлар ҳайъати аъзолари иштирокчилар томонидан тайёрланган кўргазма ва тақдим этилган ҳужжатларни кўздан кечириб холисона баҳолаб бордилар.

Баҳолаш жараёнида иштирокчилар томонидан янги иш ўринлари яратиш, экспорт салоҳияти, инвестициялар жалб қилиш ва шу каби мезонлар алоҳида эътиборга олинди.

Ҳакамлар ҳайъатининг хулосаларига кўра, Шароф Рашидов туманидаги “Гулчи опа” кластер хизмати иш бошқарувчиси Озода Эргашева ғолиб деб топилди. Мазкур кластер хизматида бугунги кунда 114 нафар иш ўрни яратилган. Эътиборга молик томони, уларнинг 50 нафари “Аёллар дафтари”га , 35 нафари эса “Ёшлар дафтари”га киритилган.

Иккинчи ўринга лойиқ, деб топилган Зафаробод туманидаги “Боғбоши” фермер хўжалиги раҳбари, “Дўстлик” ордени соҳиби Сагадат Халимова узоқ йиллардан бери ер билан тиллашиб келаётган аёллардан бири.

- Ушбу танлов вилоятимиздаги барча ишбилармон опа-сингилларимиз учун мулоқот майдони. Бугун ҳам иштирокчилар тайёрлаган кўргазмаларни кўриб ўзаро фикр алмашдик. Тажрибаларимизни ўртоқлашдик. Ҳатто, баъзи иштирокчиларимиз ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олишди, - дейди Сагадат опа.

Учинчи ўринга лойиқ, деб топилган Зарбдорлик “Гули Чарос” хусусий корхонаси раҳбари Гулноза Тангирбердиева ҳам ёш бўлишига қарамай 30 нафар доимий ва 40 нафар мавсумий иш ўринлари яратишга муваффақ бўлибди. Ибратга молик бундай мисолларни кўрик-танлов иштирокчиларининг барчаси фаолиятида кўриш мумкин.

Умуман олганда, танлов иштитрокчиларини фақат шартли равишдагина  ғолиб ва совриндорларга бўлиш мумкин. Аслида уларнинг ҳар бири ўзлари фаолият олиб бораётган соҳаларда қўлга киритаётган ютуқлари, оилалари ва эл-юрт фаровонлиги йўлида қилаётган фидокорона меҳнатлари, интилишлари билан ҳар қандай эътирофга , эъзозга лойиқ.

O`zLiDeP  Жиззах вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    653
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+