Қашқадарёлик ишбилармон аёллар сараланди

18.08.2022, 10:32

Қашқадарёлик ишбилармон аёллар сараланди

O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” томонидан ўтказилаётган “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови мамлакат иқтисодини юксалтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш орқали маҳаллий ишлаб чиқаришни замонавийлаштириш ишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган хотин-қизларни кашф этиш, фаолиятини янада ривожлантириш, энг муҳими ёшларнинг бандлигини таъминлашга яқиндан ёрдам бермоқда. Ўтган йиллар мобайнида мазкур танловда иштирок этиб, тадбиркорлик кўникмасини оширган юзлаб  қашқадарёлик хотин-қизлар бугунги кунда воҳанинг таниқли тадбиркорлари ва фермерлари сафидан ўрин олиб улгуришди.

 Қашқадарёда  “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг ҳудудий республика босқичи бўлиб ўтди. Шаҳрисабз туманида жойлашган “Лочин” оромгоҳида ташкил этилган мазкур тадбирда вилоятнинг шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган, хусусий тадбиркорлик, фермерлик, маҳаллий ишлаб чиқариш,  ҳунармандлик соҳасидаги салоҳиятларини намойиш этдилар. Тадбирда воҳанинг ишбилармон аёллари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Иштирокчилар  ўзлари тайёрлаган маҳсулотларни намоён этиш баробарида ишбилармонлик салоҳияти, маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги ва экспортбоплиги, инновацион технологияларни қай тариқа ишлаб чиқаришга жорий этиш борасидаги амалий ишлари ҳақида тўпланганларга сўзлаб бердилар. Ғолибларни аниқлашда иштирокчиларнинг хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратганлиги, экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашганлиги, замонавий технологияларни амалиётга татбиқ этганлигига алоҳида аҳамият қаратилди. Шунингдек,  ўз фаолиятида учраётган муаммо, тўсиқ ва ғовларни қай тарзда бартараф этганлиги, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ҳамда мавқеини оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент Фармонлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари борасидаги билимлари ҳам баҳолаб борилди.

- Биринчи маротаба мазкур танловда қатнашаяпман, - дейди Деҳқонобод туман Бешбулоқ қишлоғида фаолият олиб бораётган ҳунарманд аёл  Дилобар Рўзматова.  – Гарчи ўрин ололмаган бўлсамда, каттагина тажриба орттирдим, мамлакат ишбилармонлик олами билан танишдим, бизнесда йўл қўйган хатоларимни англаб етдим. Туманимиз аҳолиси асосан чорвачилик билан шуғулланишади.  Шу боис жун маҳсулотлари бизда жуда бисёр. Одамлар бизга мол-қуйларининг жунларини келтириб сотишади. Биз улардан гиламлар тўқиб, бозорга чиқараяпмиз. Она-момоларимиз удумига кўра қизнинг сепида 2 та гилам бўлиши керак. Гиламларимизнинг жоғори, тақир, қоқма, шойи, чумчуқ тили турлари ўз харидорини топган. Моҳир гиламдўзларнинг бошини қовуштириб, гиламчилик фабрикаси ташкил этиш орзуйим бор.  Маҳсулотларимизни нафақат ички бозор, балки хорижга ҳам чиқармоқчимиз. Қишлоқ аёлларини касаначилик орқали иш билан таъминлаганман.    

Эътироф этмоқ лозимки, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан 2016 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур кўрик-танловда 3,5 минг нафар қашқадарёлик хотин-қизлар иштирок этган бўлиб, мингдан ортиғи ҳозирги кунда воҳанинг таниқли ишбилармон аёллари саналишади.

-Кўрик-танловнинг туман-шаҳар босқичлари иштирокчилари сони йил сайин кўпайиб бораётир,-дейди O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши “Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими” мудири Гулбаҳор Тўраева. – Айниқса, иштирокчилар сафи фермер аёллар ҳисобига анчагина кенгайди. Бу йилги танловда ўнга яқин фермер аёлларнинг иштирок этганлиги бунинг далилидир. Баҳолаш жараёнида кўп тармоқли ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва доимий иш ўринлари яратишдаги фаоллиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ташаббуслари эътиборга олинди. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами бўлган ногиронлар, қаровчиси кексалар, кам таъминланган оилаларга моддий, маънавий жиҳатдан ғамхўрлик қилган, тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида янги инновацион лойиҳалардан самарали фойдаланган ҳолда  “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар”га киритилган фуқароларни иш билан таъминлаган ишбилармон аёллар танлаб олинди.  

Бир сўз билан айтганда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожланишида тадбиркор ва фермер хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотлар моҳиятини аёллар ўртасида кенг тарғиб қилишда “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови муҳим аҳамият касб этаётир. Танлов жараёнида хотин-қизлар раҳбарлик қилаётган бир қатор илғор корхоналарга ташриф буюрилиб, таниқли ишбилармон аёллар ёш қизларга ўз фаолиятлари хусусида мастер класс ўтишди.   

Биринчи ўринга  Қамаши туманидаги  “Моҳичеҳра Аҳмедова” оилавий корхонаси раҳбари Сайёра Тожиева лойиқ деб топилди. Иккинчи ўрин Шаҳрисабз шаҳридан келган ҳунарманд аёл Зуҳра Хайруллаевага насиб этди. Учинчи ўринга эса Китоб туманидаги “ Кўкчинор фермер хўжалиги раҳбари Зарифа Хидирова сазовор бўлди. Ғолиб ва совриндорларга танлов ташкилотчиларининг диплом, ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

Матбуот хизмати.

  • Кўрилди
    607
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+