Ҳам рақобат, ҳам малака, ҳам тижорат

18.08.2022, 16:59

Ҳам рақобат, ҳам малака, ҳам тижорат

Навоий вилоятида ўтказилган кўрик-танловда иштирок этган тадбиркор аёллар ҳар соҳада фаол, изланувчан ва ташаббускорлиги билан ажралиб турди. Вилоят Маънавият ва маърифат марказида ташкил этилган кўрик-танловнинг ҳудудий республика босқичида ишлаб чиқариш, ҳунармандчилик, фермерлик соҳасида ўз фаолиятини олиб бораётган тадбиркор аёллар орасидан номинация ва ғолибларни аниқлаш мақсадида ҳакамлар ҳайъати аъзолари иштирокида тадбиркор хотин-қизларнинг кўргазмалари кўздан кечирилди.

Шунингдек, улар томонидан тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган хотин-қизлар учун маҳорат дарслари ўтказилди. Тадбирда ёш рассом қизларнинг  расмлари кўргазмаси, ҳунармандларнинг ҳунармандчилик маҳсулотлари, вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлиги марказининг “RENISE ART” йўналишидаги амалий кўргазмалари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

– Кўрик-танловда биринчи марта иштирок этишим. Давлат хусусий шерикчилиги асосида 3 та мактабгача таълим ташкилоти раҳбари бўлиш билан биргаликда, “Евро мустанг” ун ишлаб чиқариш корхонаси ва “Наргиз диёр” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбариман. Бугунги кўрик-танловнинг мустақиллик байрами арафасида ўтиши мени жуда қувонтирди. Вилоятимизнинг турли туманларидан келган тадбиркор, фермер опа-сингилларимиз ишларини кўриб, тўғриси, ҳайратландим ва амалга ошираётган ишларим ҳали етарли эмас, деган хулосага келдим. Ўз олдимга фаолиятимни янада кенгайтириб, кўп иш ўринлари яратишни мақсад қилдим, – дейди тадбиркор, кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Сарвиноз Раҳмонова.

Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, карманалик иштирокчи, “ Ал-Азиз ипаги” ипакчилик кластери раҳбари, БМТ Иқтисод комиссияси аъзоси Жумагул Ражабова танловнинг мутлақ ғолиби деб эълон қилинди.

– Бу йил беллашувда иккинчи бор иштирок этишим. Мақсадим  олий ўринларга эришиш. Кўрик-танловда мутлақ ғолибликни қўлга киритган ҳамкасбимга хавас қилдим. 1 700 та оилани иш билан таъминлаб, 78 нафар 28 ёшгача бўлган хотин-қизни ипакчилик корхонасига, ундан ташқари, 700 нафар мавсумий ишчига раҳбарлик қилиш учун катта куч, тажриба ва албатта билим керак бўлади. Бу гал ҳам танловдан янада янги ғоялар, куч олдим ва ҳамкорлар топдим, – дейди “Йилнинг мурувватли, ишбилармон аёли” номинацияси ғолиби Мунира Ҳамроева.

Шу куни Ўзбекистон Давлат филармонияси Навоий вилояти бўлинмасининг ижодкорлари куйлаган куй-қўшиқлар, бадиий чиқишлар тадбирнинг байрамона кайфиятда ўтишини таъминлади.

Шалола ШОКИРОВА,

O‘zLiDeP Навоий вилояти кенгаши бўлим мудири

  • Кўрилди
    415
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+