Деҳқонободда сув таъминоти қачон яхшиланади?

22.08.2022, 17:28

Деҳқонободда сув таъминоти қачон яхшиланади?

Халқ депутатлари Деҳқонобод туман кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи йиғилишида туман “Сувоқова” МЧЖ раҳбари Суюн Алланазаровнинг ўтган ярим йилда жамият томонидан аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш борасидаги ишлар юзасидан ҳисоботи эшитилди. Ҳисоботда таъкидланишича, туманда 13 фоиз аҳолигина  марказлашган сув таъминотига эга бўлиб, қолган 53 фоизи махсус техникалар ёрдамида ташиб, 35 фоизи эса дарё ва булоқлардан истеъмол қилишади. Инвестиция дастури доирасида 3 та объектда сув қувурлари тортиш ишлари давом этмоқда.

Президентимиз ташрифи чоғида 9 та МФЙга қўшимча сув қувурлари тортиш кўрсатмаси берилган эди. Орадан тўрт ой ўтган бўлса-да,  амалий натижалар кўринмаяпти. Нурли келажак, Бойқўрғон, Откамар, Қизилча маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисини иш билан таъминлаш борасида  ишлар  бошланган. Бироқ Бозортепа, Чашмаимирон, Оқработ, Откамар, Қизилча МФЙ аҳолисини сув билан таъминлаш юзасидан қилиниши керак бўлган қурилиш ишлари ҳаттоки молиялаштирилган  ҳам эмас. “Обод қишлоқ” дастури доирасида “Аэродром” МФЙдаги 1006 хонадон аҳлини сув билан таъминлаш учун ажратилган маблағ  350 хонадон учун сув қувурлари тортишга ҳам етмайди. Сув таъминоти оғир бўлган 10 та ҳудуд аҳолисини  ичимлик сув билан таъминлаш ишларини амалга ошириш учун маблағ ажратиш пайсалга солинмоқда. 

Сўзга чиққан депутатлардан O’zLiDeP туман кенгаши раиси Алишер Холмирзаев, Илёс Ғофуров ва бошқалар амалга оширилган ишлар мутлақо талабга жавоб бермаслигини таъкидлаб, жамият раҳбарияти ўз вазифасига масъулиятсизлик билан қараётганлигини айтиб ўтдилар. Йиғилиш сўнгида аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш юзасидан ҳисоботни депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишларидан бирида қайта эшитиш юзасидан келишиб олинди.

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

Матбуот хизмати.

  • Кўрилди
    476
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+