O'zLiDeP фаоли Наманганда янги корхона очиб, 600 кишининг бандлигини таъминлади

23.08.2022, 14:57

O'zLiDeP фаоли Наманганда янги корхона очиб, 600 кишининг бандлигини таъминлади

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллик байрамига тадбиркорлар томонидан муносиб туҳфа ҳозирланмоқда.

Косонсой туманидаги Ёшлик маҳалласи ҳудудида барпо қилинаётган “Намуна” кичик саноат зонасида 1 минг 800дан зиёд иш ўрнига мўлжалланган йирик ишлаб чиқариш корхонасининг биринчи қисми очилиши истиқлолимизнинг навқирон тўйига чинакам тўёна бўлди.

37 ёшли ишбилармон, “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳиби Анвархон Абдуллаев раҳбарлигидаги "Barkas teks Group” масъулияти чекланган жамиятига қарашли янги корхонанинг фойдаланишга топширилиши натижасида 600 та иш ўрни яратилди. Ишчиларнинг аксарияти “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар” дафтарига киритилган ўғил-қизлар ва аёллардан иборат.

Тумандаги Панихон маҳалласида истиқомат қилувчи икки фарзанднинг онаси Ёқутхон Эргашева ана шундай ишчилардан бири. Бундан олти ой аввал МФЙ томонидан махсус дафтарга қайд этилган бу аёл ишлаб чиқариш корхонасида яратилган шароитлардан мамнун.

- Ҳар ойда 2 миллион сўмгача иш ҳақи оляпмиз, - дейди Ёқутхон Эргашова. - Ишга келиб-кетишимиз учун бепул транспорт ва тушлик ташкил этилган.

Мамлакатимизда қулай инвестициявий муҳитни яратиш, хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлариниҳимоя қилишга қаратилган тизимли ислоҳотлар самарасида мана шундай йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги “Наманган вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги, 2019 йил 21 июндаги “Кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2020 йил 14 июлдаги “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастурини ҳамда Наманган вилоятидаги кичик саноат зоналарини ривожлантиришни молиялаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари дастуриламал бўлмоқда.

Бугунги кунга қадар вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг “ўсиш нуқта”ларидан бирига айланган кичик саноат зоналари сони 73 тага етди ва унда мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари томонидан истиқболли бизнес режалари ҳаётга изчиллик билан татбиқ этимоқда.

Биргина, Косонсой туманининг ўзида жами 167,4 гектар ер майдонида 4 та кичик саноат зонаси ташкил этилиб, уларда қиймати 1 триллион 251 миллиард сўмлик 184 та лойиҳа жойлаштирилди. Мазкур бизнес лойиҳаларини тўлиқ ишга тушириш ҳисобига 13 минг 663 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Шу жумладан, умумий майдони 26,2 гектарга тенг бўлган Косонсой туманидаги “Намуна” кичик саноат зонасида жами қиймати 350 миллиард сўмлик 28 та лойиҳани ишга тушириш ишлари давом эттирилмоқда. Мазкур лойиҳалар фойдаланишга топширилиши билан 2 минг 400 дан ортиқ иш ўрни яратилади.

Ушбу саноат ҳудудида "Barkas teks Group” МЧЖ томонидан 4 гектар ер майдонда момиқ сочиқ ишлаб чиқариш режаси амалга оширилмоқда. Айни вақтда лойиҳанинг иккинчи қисмини қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар тўлиқ жаҳон бозорларига чиқарилади. Йиллик қуввати 5 минг тонна калава ипдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилувчи корхонада экспорт ҳажми 10 миллион долларни ташкил этади.

Корхонанинг очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.

  • Кўрилди
    348
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+