Шаҳар ва туман депутатларининг ҳамкорликда ўтказган сайёр қабули натижадорлиги

25.08.2022, 16:59

Шаҳар ва туман депутатларининг ҳамкорликда ўтказган сайёр қабули натижадорлиги

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, сенатор Шавкат Аюпов ҳамда халқ депутатлари Мирзо Улуғбек туман Кенгаши депутати Санжарбек Кумушевлар томонидан "Камолот", "Янги Камолот", "Яланғоч" ва "Шалола" маҳаллаларида истиқомат қилувчи фуқаролар билан сайёр қабул ўтказилган эди. Қабулда асосан ногиронлиги бор, узоқ муддатдан бери бетоб ҳамда тиббий даволанишларга муҳтожлиги боис қийин аҳволга тушиб қолган фуқаролар мурожаат билан иштирок этишди. Фуқароларнинг муаммолари депутатлар томонидан ўрганиб чиқилгач, ушбу фуқароларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида "Саҳоват ва кўмак" жамғармасининг Тошкент шаҳар бўлимига мурожаат қилишга келишиб олинди.

Мурожаат қилган фуқароларнинг тегишли тиббий ҳужжатларини жамлаш ва махсус комиссияга тақдим этиш ишлари С.Кумушев томонидан ташкил қилинди ҳамда ҳужжатлар ўрганилиб, масала халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессия кун тартибига киритилди ва депутатлар томонидан маъқулланди. Натижада, 4 та маҳалладан мурожаат қилган 17 нафар фуқарога жами 57 млн.сўм миқдорида ёрдам пули ажратилди.

 Кейинги босқичда "Пойтахтбанк" АЖ томонидан ҳар бир фуқарога пластик карта очилиб, жамғарма томонидан ажратилган маблағ мазкур пластик карталарга туширилди. Жорий йилнинг 19 август куни эса, якуний босқичда, туман Кенгаши депутати С.Кумушев томонидан "Яланғоч" МФЙ биносига  халқ депутатлари Тошкент шаҳар депутати, сенатор Ш.Аюпов ва "Пойтахтбанк" АЖ вакили таклиф этилиб, пластик карталар туширилган маблағларни ўз эгаларига шахсан топшириш жараёни амалга оширилди. Юриш имконияти чекланган фуқароларга пластик карталар уларнинг хонадонларига олиб бориб тақдим этилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз-ки, шаҳар ва туман депутатлари ҳамкорлигида ўтказилаётган сайёр қабуллар аҳоли муаммоларини ўрганиш билан бир қаторда уларнинг аниқ ечимини ҳам топишга хизмат қилмоқда.

  • Кўрилди
    334
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+